Навоий – назм элининг даҳоси

09.02.2021 12:02:42

Сурхондарёда ғазал мулкининг султони Алишер Навоийнинг 580 йиллиги муносабати билан партиянинг Денов туман Кенгаши ҳамда тумандаги 75-умумий ўрта таълим мактаби ҳамкорликда “Навоий - назм элининг даҳоси” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Ёшларнинг буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди ҳақидаги тасаввурларини кенгайтириш мақсадида ташкил этилган мазкур ғазалхонлик тадбирида партия Денов туман Кенгаши фаоллари, депутатлар, ўқитувчи-педагоглар, ўқувчи ёшлар, ота-оналар, кенг жамоатчилик қатнашди.

Тадбирда сўз олганлар шоирнинг ўз халқи ва миллати учун фидойи инсон бўлганлиги, миллат тараққиёти ва жамият ободлиги йўлидаги фаолияти биз учун ибрат мактаби эканлиги тўғрисида таъкидлаб ўтишди. 

Шунингдек, тадбирда маърузачилар шоирнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти тўғрисида  маълумот бериб,  Навоий “Хамса”сининг ўзбек адабиётида тутган ўрни, буюк бобомиз илгари сурган ғоялар ўзбек тили ва адабиёти, ўзбек маданияти, ўзбек миллий мафкураси, мустақил ўзбек давлатчилиги учун асос бўлиб хизмат қилиши, шунингдек, ёш авлод қалбида мутафаккир ижодини, бой меросини чуқур сингдириш ва тарғиб қилиш қанчалар аҳамиятли эканлиги тўғрисида ўз фикрларини билдирдилар.

Шундан сўнг мактаб ўқувчилари томонидан ўзбeк адабий тилининг асосчиси, буюк мутафаккир Алишeр Навоийнинг ҳаёти ва ижоди, бeбаҳо асарлари ҳақида сўз юритилди. Ўқувчилар шоир қаламига мансуб рубоий, туюқ ва ғазалларни, “Навоий ва Гули” монологини ёддан, ифодали ўқиб бeришди.  Сермазмун  саҳна чиқишларида Алишeр Навоийнинг "Хамса" асаридан жой олган достонлар ҳақида қизиқарли маълумотлар бериб ўтилди.

Ориф Қиличев, Халқ депутатлари Денов туман Кенгаши депутати:

Aлишер Навоий умрбоқий асарлари билан бутун дунёни ҳайратга сола олди, десак муболаға бўлмайди. Жаҳоннинг турли мамлакатларида Aлишер Навоий ҳазратларининг ҳайкали ўрнатилгани фикримизнинг далилидир. Навоий асарлари шундай бир туганмас ҳазинаки, уни қанча ўқиган сайин инсон ўзини қизиқтирган, ўйлантирган саволларига жавоб топиб бораверади. Чунки Навоийнинг ҳар бир асари халққа қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Умид қиламиз, оилада Навоий ҳақида фарзандларга болаликдан тушунтириб борилса, мумтоз адабиётимиз намояндасиининг асарлари ҳақида қизиқарли қилиб боланинг қалбига етказа олинса, бу борада келажакда муаммо бўлмайди.

Тадбир давомида мактабнинг ҳаваскор ёшлари томонидан Навоий ғазалларидан ижро этилган куй-қўшиқлар тадбир иштирокчилари кўнглида илиқ  таассуротлар уйғотди.

Тадбир сўнгида фаол иштирок этган ўқувчи-ёшлар  партиянинг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+