Навоийдан мерос илм ила учинчи Ренессанс сари

09.02.2021 17:02:31

Тарихда шундай туб бурилиш нуқталари бўладики, у муайян бир миллат ёки халқ учун уйғониш даврини бошлаб беради.

IX асрнинг сўнги чорагида Сомонийлар давлатининг бунёд этилиши – араб халифалигидан сўнг, XIV аср иккинчи ярмида Амир Темур давлатининг ташкил топиши мўғул империясидан сўнг Мовароуннаҳр ва Хуросонда буюк маданий ўзгаришларга йўл очиб берган эди. Биринчисида Ибн Сино, Беруний, Фаробий, Ал-Хоразмий сингари алломалар етишиб чиққан бўлса, иккинчисида Алишер Навоий ва Бобур сиймоларида халқимиз бемисл қад ростлади.

Мана 600 йилдирки Алишер Навоий халқимиз фахри, тилимизнинг байроқдори, шеърият мулкининг сутони, маданият ва маърифатимизнинг порлоқ қуёши бўлиб келмоқда. Баъзан ўйлаб, ҳайратда қоласан киши, одам боласи ҳам шунчалик салоҳиятга эга бўлиши мумкинми? Атиги 60 йиллик умрида, тағин пару сиёҳдон билан ишланган ўрта асрларда, бугунги китобатчилигимиз ўлчови билан 20 томлик асарлар ёза олганлиги, бунинг устига нотинч замонда, яна давлат ишлари билан ҳам машғуллиги, ҳақиқатда ҳам  Алишер Навоийнинг илоҳий бир қувватга эга даҳо бўлганлигини кўрсатади. Ижодда Навоий ҳам назмий, ҳам насрий жанрларда, бундан ташқари тарихий, фалсафий, сиёсий, илмий асарларнинг муаллимлари бўлган. Хуллас, Иброҳим Ҳаққул таъбири билан айтганда, “Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарлигини исботлаш ҳеч бир мусулмоннинг хаёлига келмаганидек, Навоийнинг улуғлигини кўрсатувчи қўшимча далил излашга ҳожат йўқ.”

Ишқ, ошиқлик мавзулари барча мумтоз адабиёт намоёндаларида бўлгани каби Навоий ижодининг ҳам бош мавзуси. У ошиқлик лирикасини шундай юксак даражага олиб чиқадики, ишқсиз одам одам эмас, деган қатъий ҳукм унинг ғазалларидаги ўзак маънони яққол кўрсатиб туради. У шоҳми, гадоми – бари бир одам, демак ишқсиз бўлмайди. Ошиқлик – бу покланиш,  Ошиқлик – бу риёзат, Ошиқлик – бу Ҳақ васлига интилиш. Бу ҳаракатлар замирида эса инсон ботинининг покланиши, ўзни англаш фалсафаси туради.  Ўзни англаш эса барча замонлар каби бугунги кун учун ҳам ниҳоятда долзарб масаладир. Шу жиҳатдан қараганда бугунги кунда Алишер Навоий ижодини ўқиш ва ўрганиш бутун башарият учун маънавий ва маърифий маънода бурч сифатида муҳим аҳамият касб этади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 19 октябрь куни буюк шоир таваллудини кенг нишонлаш тўғрисида қабул қилинган қарор миллат маънавий юксалиши йўлида камарбаста бўлган ҳар бир фуқарони қувонтириди. Шунингдек, “Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ва “Навоий ва ёшлар” махсус дастурининг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши, 2021 йилдан бошлаб мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган тадбирлар ташкил этилиши, Алишер Навоийнинг асарларини чет тилларга таржима қилиш, нашр этиш ва хорижий мамлакатларда тақдимотларини ўтказиш бўйича тизимли ишларнинг амалга оширилиши каби бир қатор вазифалар улуғ бобомиз илгари сурган умумбашарий ғоялар атрофида барчамизни жипслаштиришга қаратилган.

Навоийга ўхшаш доҳий шоирлар тасодифан дунёга келмайди. Бунинг учун яхши шаклланган ижтимоий – маданий муҳит, ривожланган иқтисодий- сиёсий шароит, маънавий-ахлоқий жиҳатдан юксалган жамият керак. ХV – ХVI асрларда Моварауннаҳр, эрон ва Хуросонда шундай мустаҳкам заминни ҳозирлашда Темурийлар салтанатининг тарих майдонига чиқиши ҳамда Ислом маданиятининг гуллаб-яшнаши муҳим рол ўйнаган. Бугун эса юртимиз истиқлол берган имкониятлар ва давлатимиз томонидан амалга оширилаётган истиқболли ислоҳотлар туфайли Юртбошимиз таъбири билан айтганда “Учинчи ренессанс даври”га қадам қўйди. Бу йўлда буюк боболаримизнинг илмий, маънавий ва маърифий меросини ўрганиб олға борсак,  халқимиз жаҳон майдонида муносиб ўрнига эга бўлиши шубҳасиз.

Сўзимизни Ўзбекистон Халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг қуйидаги тўртлиги билан  мухтасар қилиб, олдимизда ҳали жуда катта вазифалар турганлигини ҳис этамиз:

                       Ғазал бўстонига кирмоқ керакдир,

                       Ҳар сўзни қалб билан кўрмоқ керакдир.

                       Ҳазрат Навоийга етгунча эй дил,

                       Яна беш юз йиллар юрмоқ керакдир!

                               Мақсуд ҲАМИДОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+