Назариётни амалиётга татбиқ этишга нега шошилмаяпмиз?

22.09.2020 11:09:22

Президентимиз Шавкат Миромоновичнинг таъбири билан айтганда, “Она тилимиз – миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир”. Ушбу доно сўзлар замирида чуқур маъно бор. Бу булоқдан эса барчамиз эркин, оқилона фойдаланишимиз ҳамда уни асраб-авайлашимиз зарур.

Яқинда давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонуннинг имзоланиши ҳар қандай шароитда ҳам тил, маънавият масалалари давлатимизнинг доимий эътибор марказида эканини яна бир бор исботлади. Демак, мамлакатимизда она тилимизга қаратилаётган эътибор унинг миллий  қонунчилигида ҳам ўз ифодасини топмоқда.

Мен ўзбек тилининг нуфузи ва мавқеини тубдан оширишдаги асосий вазифалар хусусида тўхталар эканман, аввало ўзбек сифатида, тилшунос сифатида олдимизда турган энг муҳим масалаларни билдиришим зарур.

Ҳозирги кунда ўзбек тилшунослиги бўйича назарий тадқиқотлар фаол олиб борилмоқда. Лекин амалда-чи? Назариётни амалиётга татбиқ этишга нега шошилмаяпмиз?

Она тилини чуқур ўзлаштириш бўйича қандай ўзгаришлар қилиш керак? Тил ҳар бир инсон учун энг асосий алоқа воситаси ҳисобланади. Тилни яхши билган инсон ўз ички туйғуларини, воқеа-ҳодисаларнинг баёнини ҳаммага тушунарли қилиб оғзаки ва ёзма равишда ифодалай олади. Тил ҳамма мутахассислик учун бирдай муҳим. Ҳозир ўзбек тилини она тили деб биладиганларнинг, сўзлашадиганларнинг она тилини билиш даражаси қандай? Менимча бу соҳада катта тадқиқотлар ўтказилгани йўқ.

Одатда тил ёшликдан ўрганилади. Биринчи навбатда оилада, боғчада, мактабда. Тилни ўрганишда бадиий адабиётнинг, китобнинг ўрни беқиёс. Шунинг учун тилни айнан ёшликда ўрганиш ва ўргатиш керак. Агар биз ҳамма соҳада ўзимизга талабчан бўлсаккина натижага эришамиз. Бунинг учун меъёрни юқори қўйиб, унга интилиш, меҳнат қилиш керак.

Бу масалада қуйидагича йўл тутишни таклиф қилмоқчиман:

Биринчи навбатда боғчаларда, ўрта мактабларда ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиларининг ўзини ўзбек тилини билиш даражаси бўйича синовдан ўтказиш керак.

Иккинчидан, ўрта мактаб битирувчисининг ўзбек тилидан минимал билими меъёрини аниқлаш керак. Агар битирувчининг ўзбек тилидан билим даражаси шу меъёрдан паст бўлса, унга ўрта мактабни тугатганлик тўғрисида аттестат берилмаслиги керак.

Буни қандай қилиб амалга ошириш мумкин? Давлат тест марказининг вилоятларда бўлимлари бор. Ўн бир йиллик мактаблар оёққа тургунча ва ишни йўлга қўйиб олгунча, шу бўлим раҳбарлигида вилоят мактабларида 6-синфдан бошлаб бир варақ ҳажмида диктант олинади. Диктантни ўзбек тилида хатосиз ёзадиган, физика, математика, қисқаси — хоҳлаган фаннинг ўқитувчиси олиши мумкин.

Ушбу вазифалар ижроси доирасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳамда таълимнинг барча тизими ҳамкорлиги жуда муҳим.

Айтадиган бўлсак, бу борада қиладиган ишларимиз кўп. Лекин якдил ва бирдамликда, ҳамкорликда ҳар қандай ўзгаришларни амалга оширса бўлади. Бугунги кунда ўтказилаётган давлат тили ислоҳотларидан кўзлаган бош  мақсад ҳам айнан шунга қаратилган.

Ўзбек тилининг нуфузи ва мавқеини тубдан оширишда шу юртда ўзбекман деган, шу мамлакат фарзандиман деган ҳар бир инсоннинг ўз вазифаси, масъулияти бор. Бу йўлда тилшуносларимиз эса асосий етакчидир. Биз улардан янгидан янги тадқиқодлар, илмий янгиликлар, амалий ишлар кутиб қоламиз.

Комила ИСРАИЛОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

 Фарғона вилоят Кенгаши

 раиси ўринбосари, тилшунос

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+