Нажот топиш ўз қўлимизда

02.04.2020 18:04:39

Бугун дунё аҳолиси мураккаб бир даврни бошидан ўтказмоқда. Коронавирус пандемия сифатида глобал фожеага айланиб бўлди. Хозирда ер юзидаги ярим миллиондан зиёд аҳоли ушбу касалликка  чалинган. Бу каттаю кичик, илғор-у қолоқ барча давлатларни қамраб олди. У учун бой-у камбағал, кучли ёки кучсиз, ривожланган ёки қолоқ деган тушунча йўқ.

Айни кунда бу вирус туфайли иқтисодий талофот ниҳоятда кучаймоқда. Бу дунё иқтисодига катта хавф туғдирадиган ҳолатни юзага келтирди.  Коронавируснинг тарқалиши асосан турли минтақалардаги инсонлар ўртасидаги алоқалар осонлиги, давлатдан давлатга кўчиб юришнинг жуда енгиллигининг таъсиридир. Аниқроқ айтганда,  гипер алоқалар вирус тарқаш жараёнини сезиларли даражада тезлаштирди ҳамда бугун ва келажакка чуқур таъсир кўрсатди.

Ҳозир мамлакатимизда ушбу вирусга қарши танланган курашнинг энг оқилона усули бу одамларни уйда сақлаш талабидир.

Бу ўринда Президентимизнинг жорий йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони аҳолининг тиббий ва иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш бўйича барча чораларни кўриш механизми тўлиқ қамраб олингани билан аҳамиятлидир. Мазкур Фармон мазмун-моҳияти ва унинг амалдаги ижроси халқимиз орасида  қўрқувни йўқолишига сабаб бўлиши билан бир қаторда ташвишли саросима уйғотувчи саволларга ўз вақтида  жавоб бўлганини англашимиз мумкин.

Вирусга қарши курашда, энг асосийси, давлатимиз томонидан айни кунда қўйилган талабларни бажаришда қонунларга итоаткорлик, шифокорлар тавсия этган санитария ва гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилиш, зарурати бўлмаганда кўпчилик тўпланадиган манзилларга бормаслик, атрофимиздаги яқинларимиз, оиламиз билан биргаликда ҳаракат қилсак, ишонамизки, бу иллат тез фурсатда бартараф этилади.

Ҳозирги шароитда бир тан-у бир жон бўлиб ҳаракат қиладиган вақт келди. Бундай кезларда маърифатли миллат фожеадан, инқироздан кучли, бақувват бўлиб чиқади. Яна бир муҳим гап. Мавриди келганда  мавзуга дахлдор айрим маълумотларни айтиб ўтиш жоиз деб билдик. Ҳар қандай шов-шувлар кўтарилмасин, вилоятимизда бу офатни енгиб ўтишга зарур чоралар кўриб борилмоқда. Унутмайлик, аслида ушбу вирус 80 фоиз ҳолларда жуда енгил ва ҳатто умуман симптомларсиз кечади. Ортиқча ваҳимага асос йўқлиги шундаки бу вирус 15 фоиз ҳолларда енгил, фақат тахминан 5 фоиз ҳолатда оғир ўтади. Демак, нажот топиш ўз қўлимизда. Демак бунинг учун уйда қолсак бас!

 

Умид ШОУМАРОВ,

 Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+