Нега аёл депутатлар ва сенаторлар кам?

29.10.2019 22:10:05

Бугунги кунда мамлакат аҳолисининг қарийб ярмини хотин-қизлар ташкил этади. Ёки иқтисодий фаол аҳоли таркибида аёллар улуши 46 фоиздан ошади. Таълим, соғлиқни сақлаш,  ижтимоий хизматлар кўрсатиш каби соҳаларда меҳнат қилаётган ходимлардан ҳар 10 нафарининг 7 нафари аёллардир. Уларнинг сайлов жараёнида иштирокини кучайтириш масаласи  долзарб аҳамиятга эга. 

Фарғона шаҳридаги “Азия” меҳмонхонасида бўлиб ўтган “Аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий соҳалардаги мавқеини кучайтириш” мавзусидаги  давра суҳбатида мазкур масалалар атрофлича муҳокома этилди.    Унда  Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларининг хотин-қизлар қўмитаси  ходимлари, сиёсий партиялар, давлат идоралари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.  Тадбир Ўзбекистон Республикасининг хотин-қизлар гендер тенглигини  ҳимоя қилиш бўйича Комиссияси, Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлис Сенати хотин-қизлар  ва гендер  тенглиги масалалари  қўмитаси,  Республика хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан ҳамкорликда ўтказилди.

Давра суҳбатини  Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлиси  Сенати хотин-қизлар  ва гендер  тенглик масалалари  қўмитаси  масъул ходими  Нодира Шотурсунова олиб борди.

Сайлов жараёнларида хотин-қизларни сиёсий фаоллигини ошириш энг долзарб  масалалардан  ҳисобланади. Уларга сайлов қонунчилигини ўргатиш, сайловчи сифатида сайловларга тайёрлаш ва иштирокини кучайтириш муҳимдир.  Жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловларда ҳам номига қатнашиш эмас, балки номзодни танлашда эътиборли бўлиш, салоҳиятига баҳо бериб дастурининг мақсад-моҳияти, халқ манфаатларига мос келишини ўзи ва оиласи келажаги учун чуқур таҳлил қила олиши керак. Шундагина у муносиб номзодга овоз берган бўлади.

Мамлакатимизда кўтаринки руҳда ўтаётган  сайловда  ҳар бир аёлнинг  ўрни беқиёс. Сайловчи ҳам сайланувчи аёл номзодлар ҳам халқнинг вакиллари саналади. Уларнинг сиёсий фаоллиги, билими ва малакаси, тажрибаси, салоҳияти жамият тараққиёти, халқ фаровонлигига хизмат қиладиган муҳим қарорлар, қонунлар қабул қилинишига салмоқли ҳисса қўшади.  

-Олий Мажлис Сенати, Қонунчилик палатасида аёлларимизнинг сон кўрсаткичи қониқарли даражада, деб бўлмайди, – дейди  “Альфа-Инвест”  суғурта компанияси департамент директори, юридик фанлари номзоди, доцент Шоира Умарова. – Уларнинг сони Қонунчилик палатасида 15, Сенатда эса 16 фоизни ташкил этади.  Бу йилги сайловда уларнинг ўрни ва ролини кучайтириш, сиёсий имижи ва жараёнда ғалаба тактикасини шакллантиришга  эътибор янада кучайтирилди.   

Давра суҳбатида  “Эркаклар ва аёллар учун  тенг ҳуқуқлар  ҳамда имкониятлар  кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари аҳамияти ва моҳияти, “Хотин-қизларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини оширишдаги долзарб муаммолар”, “Хотин-қизларнинг  сайловларда иштирок этиши ва ғалаба қозониш тактикаси”, “Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлашда Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитасининг фаолияти тўғрисида” сингари мавзулар муҳокама қилинди. Сайловга оид қонунчиликдаги  янгиликлар, сайлов технологиялари, команда тузиш,  аёл номзоднинг сайловда ютиб чиқиши учун муҳим жиҳатлар мисоллар  асосида тушунтирилди.  

Мамлакатимизда  ўтказилиши кутилаётган  сайловларда  хотин-қизлар мавқеини оширишнинг долзарблиги мавзусида гуруҳларга бўлиниб ишланди.  Мавзу юзасидан иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

 Камола  ПОЛВОНОВА,

 Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+