Нега бекатлар йўловчига эмас, тадбиркорга хизмат қиляпти?

28.10.2019 15:10:22

Гўзал  Термиз шаҳри сўнгги икки-уч йил ичида таниб бўлмас даражада ўзгариб, кўркам қиёфа касб этди. Бунёдкорлик, ободончилик ишларининг жадал олиб борилаётганлиги ҳамда шаҳар инфратузилмаси тубдан ўзгараётганлиги негизида кишиларнинг яшаш ва турмуш тарзи фаровонлик индекси кун сайин ошаётганлиги қувонарли.

Шаҳарда яшовчиларнинг турмуш фаровонлигини ошириб, масофасини яқин қилувчи воситалардан бири шаҳар ичида ҳаракатланувчи транспорт воситасидир. Аммо, айни кунда Термиз шаҳрида ҳаракатланувчи  автобуслар қатнови  аҳолида  норозилик кайфиятини уйғотмоқда.

Жорий йилнинг август ойида Термиз шаҳар ҳокимининг қарорига кўра, киракашлик билан шуғулланадиган “Дамас” енгил автомашиналари қатновдан олиб қўйилган эди. Ва бу қарор аксарият аҳоли томонидан мамнуният билан қарши олинди.

Аммо,  аҳолининг хурсандлиги узоққа чўзилмади. Ҳар куни шаҳар автобус хизматидан фойдаланувчилар  учун шарт-шароит, айрим ноқулайлик ва камчиликлар дарров кўзга ташланади.  Шаҳарда тартиб-интизом бўлгани яхши, аммо транспорт хизмати кўрсатиш тизимида рақобатнинг йўқлиги кишини ўйлантиради. Ким ўзарга  автомобиль бошқарадиган тартиббузар “Дамас”чиларнинг қатнамагани нечоғли маъқул кўринса-да, иккинчи томонидан ўқишга,  ишга, борингки, поезд ёки аэропортга шошаётган, дейлик, кекса, саломатлиги автобусда юришга монелик қиладиган йўловчилар учун бу хизмат тури  ҳечам ўзини оқламаяпти.

Шаҳримизда жорий йил бошидан бери қурилган ўнлаб  “Ақлли бекат”лар ялтир-юлтур қилиб, дўконларда савдо фаолиятини амалга оширишмоқда. Аввалбошда шаҳар ҳокимлиги томонидан “Дамас”лар олиниб,  автобуслар  йўлга қўйилгач, ўша “ақлли бекат”лар ишлай бошлаши ҳақида ваъдалар берилган  эди. Аммо, бугунга келиб “ақлли бекат”лар йўловчига эмас, тадбиркорга хизмат қиляпти.

Автобус ҳайдовчилари учун эса мазкур бекатларнинг аҳамияти йўқдек. Чунки, хоҳлаган жойдан хоҳлаганча тўхтаб йўловчи олаверишади. Йўловчилардан бири автобус 10 қадам юрар юрмас “тўхтатинг”деса, яна бири сал нари юриб тушмоқчи бўлади.  Бунга эътиборсиз ҳайдовчилар ҳам йўл ҳаракати қоидаларига тўғри келса-келмаса, айтилган, дуч келган жойда автобусни тўхтатаверишади. Юзага келган бу эътиборсизлик, хизмат кўрсатиш сифатининг ўта даражада пастлиги енгил автомашиналарда ноқонуний киракашлик қиладиганларга айни муддао бўлган. Натижада улар ўзлари истаган нархда гарчи аксарияти ноқонуний бўлса ҳам киракашлик қилишмоқда. Автобус 50-100 метр оралиғида тўхтайвергани боис, унчалик узоқ бўлмаса-да, шаҳарнинг у чеккасидан бу чеккасигача бориш учун бир соатга яқин вақт сарфлашга тўғри келади. Шунингдек, автобусларда контролёр, чиптачи йўқ. Бу ҳам етмагандек йўловчиларга чипта берилмайди. Пул тушумларини ким назорат қилади, ким ҳисоб-китоб қилади, буям номаълум. Йўловчиларга йўловчилик маданияти етишмаганидек, ҳайдовчилар ҳам бир мунча қўпол, касб этикаси йўқ.

Ўйлаб кўрадиган бўлсак, йўловчи ташишда ҳам рақобат бўлгани, хизмат кўрсатиш тизими таснифлангани яхши. Токи йўловчилар ўзи истаган  автоуловда манзилига сиҳат-саломат етиб олсин!

Дилафрўз РАҲМАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат”СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши бош мутахассиси

  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+