Нега мусиқа мактабида умумтаълим мактаби ўқувчилари таълим олмоқда?

11.03.2020 18:03:32

Мана сайловлар ўтиб, сайланган депутатларнинг халқ олдидаги ўз хизмат вазифаларини адо этишга бўлган саъй-ҳаракатларини кўрсатиш вақти ҳам етиб келди. Бу бурчни чин дилдан ҳис этаётган депутатлар эса аллақачон халқ хизматига шайланишган.

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари пойтахтимизнинг Яшнабод, Миробод ҳамда Яккасарой туманларида бўлишиб, муаммоли ҳолатларни ўрганишди. Жумладан, Яшнабод туманидаги бир қанча МТМ ва мактаблар ҳолати ўрганилганда 840 ўринга мўлжалланган 212-умумтаълим мактабида 1200 нафар ўқувчи таҳсил олаётгани маълум бўлди. Дарслар 2 сменада ташкил этилган бўлиб ҳам рус ҳам ўзбек синфлари мавжуд. 55 нафар ўқитувчиси бўлган мактабда рус тили ўқитувчилари етишмайди. Бошланғич синфларда иккитагина рус тили ўқитувчиси бор, холос. Шунингдек, иситиш тизимида ҳам муаммолар мавжудлиги, мактабнинг деярли ярми совуб ётганлиги депутатлар томонидан аниқланди. Физика ва кимё лаборатория хоналарида ўқувчилар фойдаланиши учун умуман керакли жиҳозлар йўқ.  Шу мактаб директори ўринбосари Рустам Закировнинг таъкидлашича, ўтган йили мактаб спортзали қайтадан реконструкция қилиниб, таъмирланган. Бироқ, волейбол устуни ва тўри йўқ. Ташқи спорт майдончасида ҳам шароит етарли даражада эмас. Фото тасвирларда кўриниб турганидек, спорт майдончасини асфальтлаш ҳамда керакли жиҳозлар билан таъминлаш  зарур. Демак бундан хулоса шуки, 2019 йилнинг февраль-март ойларида фойдаланишга топширилган мактаб спортзалида қайтадан кўриб чиқилиши керак бўлган муаммолар йўқ эмас.

Мусиқа ва санъат мактаби ўрганилганда эса асосий ва керакли чолғу асбоблари етишмаслиги, шунингдек мавжудларининг ҳолати талабга жавоб бермаслиги аниқланди. Концерт залига кириб кўришганда ўта совуқ эканлиги маълум бўлди. Депутатлар диққатини тортган жиҳатлардан бири мусиқа мактабига умумтаълим мактаб ўқувчиларининг бир қисми жойлаштирилганлиги бўлди. Бу ҳолатни бартараф этишга эса эътибор қаратилмаяпти. Ўқитувчилар қанча жойларга мурожаат этишса-да, фойдаси бўлмаётганлигини келтириб ўтишди. Маданият вазирлигига қарашли мазкур мактабдаги ушбу ҳолат бўйича депутатлар мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови киритишни белгилаб олишди. Шунингдек, ушбу санъат мактабида маълум миқдорда тилида нуқсонли болалар ҳам таҳсил олади. Улар учун ҳам шароитни яхшилаш керак. Шу билан бирга, депутатлар ва партия Тошкент шаҳар Кенгаши  етакчилари томонидан мактаб маъмуриятига мактабнинг ички ва ташқи имкониятларидан фойдаланиш, маҳаллалар ичида унинг танилувчанлигини ошириш ва кенг ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлиги бўйича тегишли тавсиялар берилди. 206 - умумтаълим мактаби кўздан кечирилганда эса капитал таъмирлаш жараёнлари амалга оширилаётганлигига гувоҳ бўлинди.

“Интеллект” хусусий мактабгача таълим муассасасига ташриф буюрилганда ходимлар мудиранинг йўқлиги сабабли депутатларнинг МТМ ҳолатини ўрганишларига рўй-хуш беришмади. Ходимларнинг оғзаки тарзда берган маълумотларига кўра, боғчада 3 та гуруҳ ташкил этилган бўлиб, 6 та тарбиячи хизмат кўрсатади. МТМ ходимлари шароитлар етарли даражада эканлигини айтишиб, болалар кунлик овқат рационидан тўйимли ва фойдали маҳсулотлар ўрин олганлигини, кунда 4 маҳал овқатлар берилишини маълум қилишди.

Депутатлар, шунингдек, Миробод туманидаги  "Сарикул", "Банокатий", "Файзиобод" маҳаллалари, Яккасарой туман Шота Руставели кўчасидаги кўп қаватли уйлар аҳолиси билан ҳам учрашувлар ўтказишди. Унда аҳолини қийнаб келаётган турли муаммолар ўрганилди ва тегишли мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови чиқарилиши белгилаб олинди.

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+