Ниҳоят, “прописка” масаласи ҳал этиладиган бўлди

10.03.2020 10:03:43

Давлатимиз раҳбари томонидан “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш” йили давлат Дастурининг қабул қилинганлиги ва унда акс этган ҳар бир йўналиш энг аввало, халқимиз турмуш осойишталигини кўзлагани диққатга сазовор. Айниқса, “прописка” тизимини ислоҳ қилиш ғояси юртимизнинг ҳар бир фуқароси ҳуқуқ ва  манфаатлари учун мос келади. Дарҳақиқат, бундан бир неча йил илгари Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий рўйхатда турмаган фуқаролар ушбу ҳудудлардан кўчмас мулк сотиб ололмасди. Уй олишни ихтиёр этганлари эса кимдир орқали олар эди. Масалан, таниши, ошна-оғайнисининг Тошкентда “прописка”си бўлса ва ҳоказо... Шундай вазиятларда ўз пулига кўчмас мулкни сотиб олиб, қонунан унга эгалик қила олмаган фуқароларимиз қанчадан-қанча ўйинлар гирдобига тортилиб кетганини инкор этолмаймиз.

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан яқин йилларда “прописка” соҳасида мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилди. Фуқароларнинг инсон сифатида ўз қадр-қимматларинининг топталишига чек қўядиган ушбу ислоҳот яқин йилларда мамлакатимизни дунё ҳамжамиятида янада юқори ўринларга олиб чиқишига шак-шубҳа йўқ. Дарвоқе, ўтган галги сайловларда “прописка”да янги тартибни жорий қилиш ғоясини илгари сурган “Адолат” СДПнинг саъй-ҳаракатлари  самараси ҳам ушбу Дастурдан ўрин олганлигини англатади. Шунингдек, Дастурда акс этган олий таълим, тиббиёт, суд-ҳуқуқ соҳасидаги йўналишлар ҳам “Адолат” СДП томонидан илгари сурилган ғоялар эди. Шу сабаб, эндиликда олий таълимга ҳужжат топширган абитуриентларнинг 60 фоизи талаба бўлиш имкониятига эга бўлиши кўплаб ёшларни ҳамда уларнинг ота-оналарини қувонтирса, ажаб эмас. Йўл ҳаракати қоидаларини қонун даражасига олиб чиқиш ҳам Дастурнинг нақадар халқчил эканлигидан далолат бериб турибди. Ён-атрофимизда содир бўлаётган кўплаб автоҳалокатлар йўл ҳаракати қоидаларига беписанд муносабатда бўлишдан келиб чиқади. Қонуннинг амалиётга татбиқ этилиши келгусида рўй берадиган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олган бўлади, назаримда. Дастурнинг моҳиятан кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб қабул қилинганини йўналишларнинг бугунги кун учун қанчалик долзарб аҳамиятга эга чиқаётгани ҳам баҳолайди. Партия ғоялари Дастурга ҳамоҳанглик бағишлаган экан, демак, биз тўғри йўлдамиз. Яна йўлда қандай юриб кетиш эса ўзимизнинг салоҳият ва ташаббускорлигимизга бевосита боғлиқ бўлади.

Бахром ВАЛИЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+