Ногиронга амалий ёрдам кўрсатилди

05.02.2020 19:02:46

Бугунги куннинг депутати халққа яқин бўлиши, доимо эл-юртнинг ташвиши билан яшаши керак. Ўзбекистон «Адолат» СДП депутатлари давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган ушбу муҳим вазифаларни бажаришга дарҳол киришиб кетди. Хусусан, Халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгаши депутати Сапура Исметова ўзи депутат бўлиб сайланган ҳудуд фуқаролари билан учрашди. Уларнинг таклиф ва муаммоларини тинглади.

Нукус шаҳри «Қос кўл» МФЙ ҳудуди аҳолиси асосан режалаштирилмаган уйларда яшайди. Шу боисдан ҳам кўчалар орасида чиқинди ташлайдиган махсус ўринлар йўқ. Аҳлатлар кўчага ташланмоқда. Бунинг оқибати нима билан якунланиши барчага аён.

Шуларни ҳисобга олиб депутат партиянинг «Тозалик йўлида бирлашайлик!» лойиҳаси доирасида ушбу МФЙ ҳудудидаги кўчалар орасида танлов ўтказиш таклифини билдирди. «Энг покиза оила», «Энг покиза кўча» каби бир қатор номинациялар ташкил қилиш орқали ғолиблар аниқланиб, муносиб рағбатлантириши ҳам таъкидланди.

 Депутат томонидан билдирилган таклиф ҳудуд озодалиги ва ободонлигига ҳисса қўшиш билан бирга, фуқаролар, айниқса, ёшларнинг атроф-муҳит муҳофазасига маъсулиятини оширишга ундайди.

Шу куни «Қос кўл» МПЖ ҳудудидаги 9-кўчада вақтинчалик бошпанада яшайдиган, 1973-йилда туғилган, ўзи эркин ҳаракатлана олмайдиган Малика Торениязованинг ҳолидан хабар олинди. Депутат аралашуви билан Нукус шаҳар ҳокимлиги ҳомийлигида ногиронлик аравачаси ва кроват топширилди. Депутат кўмаги билан уй электр тармоғига уланиб, янги кўрпа-тўшак олиб берилди.

Мамлакатимизда спортнинг оммавийлигига эришиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Демак, аҳоли орасида жисмоний тарбия ва спортнинг аҳамиятини кенг тарғиб қилишда партия ва депутатлар ташаббускор бўлишлари керак. Депутат С.Исметова ўз учрашувлари давомида ҳудуддаги 41-сонли умумтаълим мактабида бўлиб, ушбу мактабнинг 24 нафар спортсевар ўқувчисига спорт формаларини совға қилди.

Бундай эзгу ташаббусларни келгусида бошқа депутатларимиздан ҳам кутиб қоламиз.

Расул ҚУДИЯРОВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Нукус шаҳар Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+