Ногиронлиги бор ва кам таъминланган оила фарзандлари учун хатна тўйлар

20.10.2020 12:10:45

 

Жилмайиб турган болажонга қараб беиҳтиёр табассум қилмаган  инсон бўлмаса керак. Уларнинг самимий ва покиза нигоҳлари,  кулгулари   ўз-ўзидан қалбларга кўчади ва бир зумда аксини беради. Аксинча ғамгин нигоҳлари дилларни яралайди.  Маъсум чеҳрасида шодлик ифорини кўриш учун  дунёларни бергинг келади.

Фарғона вилоятида истиқомат қилиб келаётган Мухамет Мўминов,  Арлен Хайруддинов,  Муҳаммадазиз Эсожонов,  Асилбек  Аҳмаджонов, Азизбек Абдуҳамидов сингари болажонларга бугун ўзгача кун бўлди. Уларнинг яқинлари даврасида хатна тўйлар тантана қилинди.  Бу саховат тадбирига  Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси  Фарғона вилоят ҳудудий бўлими, Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда бош қўшдилар. Меҳру мурувватга тўлган ажиб тўй очиқ майдонда карантин талаблариги риоя этилган ҳолда  ўтказилди.

Эгнига зарбоб тўн кийиб, кулиб турган мурғак қалб эгалари ногиронлиги бўлган болажонлар, кам таъминланган оилалар фарзандларидир  Уларнинг юзига табассум, қалбига меҳр улашиш ниятида Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгаши депутати Шерзод Каримов бошчилигида  Ўзбекистон “Адолат” партия депутатлари тўйнинг шукуҳли ўтказилишига ҳисса қўшдилар. Байрам дастурхони ёзилиб, болалар учун манзур ширинликлар билан тўлдирилди. Турли эсдалик совғалари, ўйинчоқлар ҳамда пул маблағлари берилди. Мултьфилм қаҳрамонлари либосида қўғирчоқ театрининг актёрлари беғубор қалбларига янада қувонч улашдилар.

-Набирам Жавоҳир Зиёвутдинов 8 ёшда, – дейди бувиси Шарофат Маматисаева. –  Унга эзгу ният билан ҳатна тўйи қилмоқчи эдик.  Шукрки  бизларнинг бу ниятимиз эзгу қалб инсонлар кўмагида амалга ошди.  Уларга ўз миннатдорчилигимизни  билдирамиз.

Элимиз суйган санъаткорлар, ёш истеъдод эгалари, турли рақс дасталари, хонанда Отабек  Муҳаммадзохид ўз чиқишлари билан даврага файз киритди.  Болажонлар, уларнинг ота-оналари, яқинлари дилбар куй-наволарга рақсга тушдилар.

Ҳеч ким меҳр-эътибордан четда эмас. Пандемик вазият туфайли  камтарингина   тўй бўлиб ўтган бўлса-да, эзгу ниятлар билан болажонларга   тилаклар билдирилди. Нуроний отахон-онахонлар томонидан униб-ўсишлари, келгусида  давлатимиз, оиласи учун эзгу амалларни бажаришлари тиланиб дуо қилинди.

 Камола ПОЛВОНОВА,

 Ўзбекистон  “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+