Нохолис муносабатни халқ қоралайди

27.08.2020 15:08:54

 

Абдуллаева Муножот Маликовна Сергели туман тиббиёт бирлашмасидаги бутун рахбарлик фаолияти давомида тер тўкиб ишлади ва том маънода беморлар билан яшади, десам муболаға бўлмас. Кўплаб ёрдамга мухтож инсонлардан ўз мурувватини аямасдан келди. Жумладан, ногирон бўлиб қолган, аммо ногиронлик нафақасини расмийлаштиролмай юрган фуқароларнинг ҳеч бир таъмасиз, беғараз ногиронликка чиқишига кўмак берар эди.

Мисол тариқасида, мен бир вақтлар «Адолат» СДП (социал-демократик партияси) Сергели туман Кенгаши раиси бўлган вақтларимда тумандаги «Дарё бўйи» маҳалласида яшовчи Раъно исмли фуқаронинг мурожаатига асосан М. Абдуллаевага юзланган эдим. Яъни Кирилл исмли йигит бундан беш йил аввал поезд тагида қолиб бир оёғидан ажраганлиги, онасига олдинги тизим бўйича ишхонаси томонидан  ҳокимият балансида бўлган умумий ётоқхонадан бир хонали хонадон берилганлиги, аммо қонунлар ўзгариб, уйни ўз номига расмийлаштиришга улгурмай қолганлиги учун муаммони ҳал этишда туман ички ишлар бўлимидан ҳам кўмак сўрадим.

Вақт ўтгандан сўнг уйни ўз номига расмийлаштираман деса, ҳуқуқий асоси бўлмаганлиги сабаб прописка ҳам ололмаган ва шу тарзда хатто, қариганида пенсияга ҳам чиқолмаган. Вақти соати етиб эса қазо қилган. Онаси пропискасиз бўлгани учун бугунги кунгача боласи ҳам пропискасиз ва паспортсиз яшаб юрганди. Бу муаммони ҳал этиш ишига Сергели туман ички ишлар раҳбари ва бола ўқиётган 33-ақли заифлар махсус мактаб-интернат директори  ҳам жалб қилиниб, фуқаронинг паспорт, прописка ҳамда ногиронлик гувоҳномасининг расмийлаштирилишида астойдил ҳаракат қилдилар.

Ўзи ногиронлиги кўриниб турса-да, айрим бюрократларнинг иддаоси туфайли нафақа ололмай сарсон юрган болага М. Абдуллаева айнан беғараз ёрдамини чўзганди.  Унга қадар Кирилл бошпанасиз кўчада тиланчилик қилган вақтлари ҳам кўп бўлган. М. Абдуллаеванинг бу борадаги меҳнатлари беқиёс. Шунингдек, туманда сурункали ва юқумли касалликлар оқибатида ўлим ҳолатларини қисқартириш учун тизимли ишлар қилиб, ўз назоратига олиб яхши натижаларга ҳам эришди. Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш учун ўз ходимларига 6 қаватли туман тиббиёт бирлашма биносида умуман лифтдан фойдаланмасликка чақириб, шу орқали инсонни соғломлаштиришга хизмат қиладиган кунлик 5000 қадам яёв юриш машқини доимий йўлга қўйганди. У кишини бутун туман аҳли ҳамиша ўта масъулиятли, жонкуяр ва камтар рахбар, деб билган. Хизматларидан рози бўлган. Ҳақиқатгўй, реал ҳолатни тўғри баҳолаб ҳеч қачон ўз нафсини, ўз тинчини биринчи ўринга қўймайдиган ҳурматга лойиқ инсонлигини ҳамма билади.

Туманимиз аҳолиси ҳамда соғлиқни сақлаш тизими Муножот Маликовнанинг туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарлигидан кетиши билан кўп нарса ютқазди, деб ўйлайман. Аксинча, бундай кадрларни доимо сақлаб қолиш зарур. Биз М. Абдуллаевага бўлган нохолис муносабатни қоралаймиз.

Айгул ПЕРНЕБЕКОВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Мирзо Улуғбек туман Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+