Номзод билан учрашувда долзарб масалалар муҳокама қилинди

05.12.2019 11:12:25

 

10-Қатортол сайлов  округи томонидан Зангиота туман Кенгаши депутатлигига номзоди қўйилган Нодира Йўлдошева сайловчилари билан учрашди.

Зангиота туманидаги “Обод” МФЙда жойлашган 15-сонли умумтаълим  мактабида ташкил этилган тадбирда депутатликка номзоднинг дастурида белгиланган асосий йўналишлар ва муҳим ҳаётий масалалар қизғин муҳокама қилинди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Зангиота туман кенгаши раиси Нигора Холхаджаева йиғилганларга номзоднинг ҳаёти ва фаолияти тўғрисида қисқача маълумот берди. Шунингдек,  партия мақсад ва вазифаларига уйғун сайловолди  дастурида  илгари сурилган ғоялар, янги таклиф ва ташаббуслар борасида тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори-дармон   воситаларининг  олдини  олиш,  олий  таълим  муассасаларига  квоталарни  бекор қилиш, шартнома асосида ўқиш истагида бўлган ёшларни олийгоҳларга имтиҳонларсиз қабул қилиш, шунингдек жамиятимизда   коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни кучайтириш борасида  белгиланган муҳим ва ўта долзарб вазифалар сайловчилар томонидан маъқулланди ҳамда  “Адолат” партиясининг  дастурий йўналишлари  ҳаётий ва эзгу ғоялар эканлиги таъкидланди. Муҳими, очиқ мунозараларга бой бўлган учрашув  қатнашчиларга манзур бўлди.

Учрашув давомида номзод томонидан аҳолининг мурожаатлари, таклиф ва фикр-мулоҳазалари ўрганилди. Сайловчилар томонидан билдирилган ҳар бир фикрга номзод томонидан аниқ жавоблар қайтарилди. Эътиборли жиҳати - номзод дастурига киритилган таклифлар аҳоли томонидан қўллаб-қувватланди.

Ибодулла Бобожонов, фуқаро:

- Учрашув  очиқ-ошкора савол жавоблар асосида ўтди. Фуқароларимиз юртимизда бўлаётган ислоҳотлар, ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар, воқеаларга айниқса, сайловларга бефарқ эмаслигини  депутатликка номзодлар билан ўтказилаётган семинарга кутилганидан-да зиёд одам келаётганидан ҳам кўриш мумкин. Сайловчи сифатида барча сиёсий партияларнинг ОАВ ва бошқа ижтимоий тармоқлардаги сайловолди чиқишларини  улар илгари сураётган дастурий ғоя ва мақсадларидан хабардор бўлиб боряпман.  “Адолат”  партиясининг сайловолди дастури нафақат мени, балки юртимиз равнақи учун жон куйдираётган барча фуқароларнинг  кўнглидан жой олди, деб ишонч билан айта олишим мумкин. Ва, айнан шу партия сайловларда энг кўп овозни қўлга киритишига тилакдошман.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+