Номзод танлашда адашмаган партия, депутат сайлашда адашмаган аҳоли

30.10.2019 18:10:28

Депутат ким? У нима иш қилади? Халққа бирор нафи тегмаса, депутатлигидан нима фойда? Депутат бўлиб, халққа бирор фойдаси тегармиди?

Бу каби аччиқ, аммо ҳақ саволлар илгаригидек бўлмаса ҳам ҳали-ҳануз халқ орасида эшитилиб турибди. Бунга узоқ йиллар давомида депутатлик мақомида бўлган инсонларнинг фақат шу номни кўтариб юриш ва унинг имтиёзларидан фойдаланишдан ўзга иш қилмагани сабаб халқнинг уларга нисбатан ишончи йўқолганидир. Ишонч эса, масъулият ва куч демак. Улар ёрдамида жуда кўп ишларни амалга оширишимиз мумкин.

Бундан беш йил олдин Жомбой туман аҳолиси ўзлари ишонган ва танлаган йўллари маъқул бўлган, Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан номзодлари кўрсатилган 7 нафар депутатга овоз бериб уларни сайлаб олганди. Ўшандан буён депутатлик гуруҳимизнинг ҳар бир аъзоси ўзи сайланган округлари аҳолисининг бугунги турмуши, ҳудуддаги мавжуд муаммоларни мутасадди идоралар эътиборини қаратган ҳолда қишлоқ фаоллари билан биргаликда ҳал этиб боришга асосий вазифа деб қарамоқдалар. Фуқароларнинг мурожаати ва ҳудудларда аниқланган муаммолардан келиб чиқиб, сайловчиларнинг мурожаатлари асосида тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови билан чиқиб, кўтарилган масалаларнинг ечимини топишга ҳаракат қилмоқда.

Масалан, депутат Жаҳонгир Ниёзов аҳолининг кўп қисмини ёшлар ташкил этадиган  сайлов округида мунтазам равишда учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказиб келмоқда. Аҳоли хонадонларига ташриф буюриб, уларнинг яшаш шароитлари билан яқиндан танишмоқда, мавжуд муаммоларни ўрганмоқда. Биргина жорий йилнинг шу даврига қадар депутат иштирокида ўндан ортиқ учрашувлар ўтказилди. Албатта учрашувларда ижтимоий-маиший масалалар, ҳудудни ривожлантириш истиқболлари, янги иш ўринлари яратиш, тиббиёт соҳасидаги, коммунал хизматлар билан боғлиқ муаммолар ҳам кўтарилади. Билдирилаётган фикр-мулоҳазалар, ўртага ташланган муаммоларни ҳамиша ўзига қайд этиб борадиган фидойи депутат Ж.Ниёзов ташаббуси билан Олмазор маҳалласидаги 4 нафар фуқаронинг ногиронлик аравачалари билан таъминланишига амалий ёрдам кўрсатилди.

Бундан ташқари, “Олмазор” маҳалла фуқаролар йиғини билан бўлиб ўтган учрашув чоғида бир гуруҳ фуқаролар депутат Жаҳонгир Ниязовга маҳалла ҳудудида жойлашган 41-умумтаълим мактабига олиб борадиган йўлларда йўл белгилари ўрнатилмаганлиги, бу эса ота-оналар ҳамда ўқитувчиларни болаларнинг йўл ҳаракати ҳавфсизлигидан хавотирга тушишларига сабаб бўлаётганларини айтиб, ҳақли эътироз билдирдилар. Депутат Ж.Ниёзов ушбу ҳолат юзасидан туман ички ишлар бўлимига депутатлик сўрови билан чиқди. Депутатлик сўрови бесамар кетмади. Муаммо эртасигаёқ ўрганилиб, йўл  белгилари ўрнатилди.

 Депутатлик гуруҳи аъзоси Нурбек Тожинуров ташаббуси билан Нўш маҳалла фуқаролар йиғинида бир қанча самарали ишларни амалга оширди. Депутат энг аввало маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 660 ўринга мўлжалланган мактаб ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини биноси таъмирга муҳтожлиги, болалар учун мактабгача таълим муассасаси зарурлигига эътибор қаратди. Депутатимиз ташаббуси билан “Нўш” МФЙ “Обод маҳалла” дастурига киритилди, ҳудудда катта ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди, маҳалла фуқаролари йиғини тубдан ўзгарди. Бугунги кунда “Нўш” МФЙда 27-сонли янги мактабгача таълим муассасаси болажонлар учун фойдаланишга топширилган, мактаб ва маҳалла биноси тўлиқ таъмирланди.

Депутат Малоҳат Тошмуродова халқ дардини тинглай оладиган, муаммога ечим топиш учун берилган ваколатдан унумли фойдалана оладиган фидойи инсонлардан. Депутатнинг саъй-ҳаркатлари билан “Бешбола” маҳалла фуқаролар йиғини ҳам “Обод қишлоқ” дастурига киритилди. Бу билан шу ҳудудда истиқомат қилаётган аҳолини қийнаб келаётган бир қанча муаммолар барҳам топди.

Депутатлик гуруҳи Вали Мўминовни сайлов округидаги ёшу қари бирдек танийди, ҳурмат қилади. Камтарин инсон В.Мўминов сайловичилари билан тез-тез учрашувлар ўтказиб туради, ҳудудда нима муаммо, ечилиши керак бўлган масала бўлса Вали Мўминов ҳозиру нозир. Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдамлар ажратиш, доимо уларга кўмак беришдан чарчамайди. Кам таъминланган, кўп болали оилаларни кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари, совға-саломлар билан йўқлаб туради.

 “Сўхмон” МФЙда яшовчи фуқаро Отабек Атамбоев тўрт нафар фарзанднинг отаси, турмуш ўртоғи иккинчи гуруҳ ногирони бўлганлиги сабабли ҳам оилада баъзан етишмовчиликлар бўлиб туради, шу сабабми анчадан буён яшаб келаётган уйининг томини таъмирлашнинг имконини топа олмай юрган бир вақтда депутат Вали Мўминов кўмакка келди. Кузнинг ёғин-сочинли кунларига қолмасдан фуқаро Отабек Атамбоев уйининг том қисми тунука билан ёпиб берилди. Бундан ташқари, депутат ташаббуси билан “Тут” маҳалла фуқаролари йиғинидаги асосий кўчанинг 2 км. қисми тўлиқ таъмирланиб, асфальт ётқизишга кўмаклашилди, ҳудуддаги қабристонни ободонлаштириш ишларида, маҳаллада жойлашган “Нуронийлар чойхонаси”ни таъмирлашда, уни керакли жиҳозлар билан таъминлашда ҳам бош-қош бўлиб, отахонларнинг дуосини олиб келмоқда.

Яқинда туманимизда депутатлар иштирокида бўлиб ўтган учрашув чоғида “Тут” маҳалласида яшовчи отахон, Тут қишлоғи оқсоқоли Сафар бобо Ўринбоев шундай деди:

-Биз “Адолат” партиясига ишониб, улар кўрсатган номзодга овоз бериб, сира адашмаганимизни шу беш йил давомида тушуниб етдик. Мисол тариқасида Валижон Мўминовни олсам, ҳақиқий депутат, сайловчиларининг ишончли кишиси ва дардининг дармони бўлди, десам хато қилмаган бўламан. Мен ишонч билан шуни айтаманки, бу йилги сайловларда ҳам албатта “Адолат” партияси номзодларига овоз берамиз. Сабаби партия номзод танлашда адашмаслигини бизга кўрсатиб берди. Бизни ишонтира олди.

Комила УМАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Жомбой туман Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+