Номзод тиббиёт ва таълимда ўсишга эришмоқчи

05.12.2019 17:12:51

82-Шўрчи сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига  кўрсатилган номзод Наримон Умаровнинг тумандаги “Ободон” МФЙдаги 2,-1,-3,-36,-35,-сонли умумтаълим мактабларида жойлашган сайлов участкаларида педагоглар, тиббиёт ходимлари, маҳалла аҳли ва ОАВ вакиллари билан учрашувлари бўлиб ўтди. Дастлаб номзод ҳақида маълумотлар берилди. Номзодимизнинг фаолияти, амалга оширган ишлари билан йиғилганлар таништирилди.

Шундан сўнг партиянинг платформаси ҳамда номзоднинг дастури ҳақида сўз борди.

— Бугун тиббиёт ва таълим тизимлари сифат ва самара жиҳатидан салоҳияти оширилиши зарур бўлган соҳалар, – деди Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод Наримон Умаров. – “Адолат” партияси энг аввало, мазкур тизимларни ривожлантириш, мамлакат иқтисодий ўсишига ҳисса қўшиш, ёшларни олий таълимга қамраб олиш даражасини кенгайтириш орқали уларнинг етук мутахассис бўлишига эришиш, аҳолининг тенг ва сифатли тиббий хизматлардан фойдаланишини таъминлашни мақсад қилган.

Учрашувда аҳолидан турли мурожаатлар, саволлар бўлди. Жумладан, электр энергиясида узилишларни бартараф этиш муаммоси кўтарилди. Қиш-қировли кунларда одамларни электр ва газ таъминотисиз қолаётгани юзасидан мурожаатлар бўлди. Соҳадаги камчиликларни бартараф этиш энг муҳим вазифалардан экани, аҳолининг асосий эътирозлари шу борадалиги таъкидланди. 

Бундан ташқари, ички йўлларни таъмирлаш бўйича ҳам саволлар берилди. Қишлоқ врачлик пунктидаги турли қийинчиликлар, айниқса, ногиронлиги бўлган шахслар, қариялар ва ёш болали аёллар учун қулайлик яратилиши лозимлиги қайд этилди.

Айни пайтда Ўзбекистон “Адолат” СДПдан кўрсатилган номзод Наримон Умаровнинг туманда сайловчилар билан учрашувлари давом этяпти.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон Адолат”СДП Сурхондарё вилояти Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+