Номзодлар митингда фаол иштирок этди

26.11.2019 18:11:35

Наманган вилоятининг маркази – Ҳаққулобод шаҳрида “Адолат” СДП Норин туман кенгаши ташаббуси билан фаолларимиз ва партия тарафдорлари, ёшлар ва кексалар иштирокида сайловолдди тарғибот тадбири бўлиб ўтди. Дастлаб иштирокчилар марказий кўчалар бўйлаб юриш уюштирдилар.  Партиямиз байроқлари ва шиорларини, рамзларини кўтариб олган фаоллар ҳамманинг эътиборини тортди. Диққат  билан қараган киши олдинги қаторда бир гуруҳ фаоллар орасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик пеалатаси депутатлигига номзод, Норин туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Абдували Мавлановни ҳам кўриши мумкин эди.

Носиржон Ҳасанов, Норин туман партия кенгаши раиси вазифасини бажарувчи:

- Мен Абдували акани қарийб йигирма йилдан бери яхши биламан.  Аслида уни туманда танимайдиган одам йўқ, десам бўлади. Чунки у тажрибали ва билимли шифокор сифатида жуда кўп беморларни дарддан халос этган. Кейинги йилларда соҳага туб ислоҳотларни жорий этишда жонбозлик кўрсатиб келмоқда. Қисқаси, у ўзининг ҳалол ва олийжаноб меҳнати билан кўпчилик ўртасида яхши танилган. Шунинг учун бўлса керак, аксарият юртдошларимиз унинг номзоди Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилганлигини аксарият юртдошларимиз маъқулламоқдалар.

Юриш Ёшлар маркази ёнидаги майдонга келиб тўхтади ва тез орада митинг бошланди. Унда сўз олган “Адолат” СДП вилоят Кенгашининг раиси Исроил Жўраев, вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари Баҳодир Болтабоев, вилоят партия кенгаши матбуот котиби Нурбек Абдуллаев, Қонунчилик палатасига номзод Абдували Мавланов ва бошқалар партиямизнинг сайловолди дастурида олға сурилган ғоялар ҳақида гапирдилар.

Хусусан, аҳолига кафолатли тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, замонавий  даволаш усулларини кенг жорий қилиш, дори-дармон ва тиббий воситаларнинг нарх-навоси устидан назорат ўрнатиш каби масалалар барчага маъқул тушди. Шунингдек, жамият ҳаётидаги бошқа долзарб муаммолар, айниқса, жиноятчиликка ва коррупцияга қарши кураш юзасидан ўртага ташланган таклифлар ҳам катта қизиқиш уйғотди. Бу ўринда  адвокатуранинг ваколатлари прокуратураникидан кам бўлмаслигини таъминлаш, ягона тергов қўмитаси тузиш,  суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини эришиш юзасидан олға сурилган фикрларни тилга олиш мумкин.

Митингдан сўнг куй-қўшиқлар янграб, барчани рақсга чорлади. Бўлажак сайловлар ва “Адолат” СДП фаолиятига бағишланган викторинада қатнашишга барча истак билдирди. Саволларга тез ва тўғри жавоб берганлар ташкилотчилар томонидан таъсис этилган совғалар билан тақдирландилар. Қисқаси, тадбирда иштирок этган ҳар бир кишининг вақти қизиқарли ва мазмунли ўтди.

Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+