Номзодликка заҳира кадрларни саралаш ниҳоясига етмоқда

24.10.2019 13:10:34

Мамлакатимизнинг барча минтақаларида бўлгани каби Наманган вилоятида ҳам шу йил 22 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ва халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман кенгашларига ўтказиладиган сайловларга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Сиёсий партияларнинг маҳаллий ташкилотлари ҳам барча жабҳаларда ҳозирликни авж олдирмоқдалар. Куни кеча халқ депутатлари Наманган вилоят кенгашига сайлов ўтказувчи вилоят сайлов комиссиясининг қарорига мувофиқ мавжуд 5 та партия вилоят кенгашлари раисларига сайловда қатнашишига ижозат бериш тўғрисида Гувоҳномаларни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Исроил ЖЎРАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раиси:

– Биз сайловларга тайёргарликниЎзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг шу йил 20 сентябрдаги “Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга депутатлар сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланганлигини эълон қилиш тўғрисида” ги 944-сонли қарори ва мазкур қарор билан тасдиқланган тадбирлар дастури асосида олиб бормоқдамиз. Вилоятимиз ҳудудида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 13 та округдан ташқари халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи 60 та, шаҳар ва туманлар Кенгашларига сайлов ўтказувчи 357 та сайлов округи тузилган. Уларнинг ҳар биридан ўз вакилларимизни қўйишни режалаштирганмиз. Айни пайтда номзодликка заҳира кадрларни саралаш ниҳоясига етмоқда.

Бугунги кунда партиямизнинг сайловолди дастури, ғоя ва мақсадларини тарғиб қилувчи тадбирлар ҳам кенг миқёсда ўтказилмоқда. Уларда юзлаб, минглаб фуқароларнинг қатнашаётгани "Адолат" СДПнинг танилувчанлигини оширади, деб ўйлаймиз. Жойларда кўпдан-кўп тарғибот баннерлари ҳам ўрнатилди. Шунингдек, кўча ва йўлларда партия ҳақидаги ёзувлар битилган дарпардалар ҳамда шиорлар ўрнатилган автобус ва енгил автомобилларни тез-тез учратиш мумкин.  Бошқа тарғибот материалларидан ҳам кенг миқёсда фойдаланмоқдамиз.

Шаҳар ва туман партия ташкилотларининг конферецияларида ўтган беш йилликдаги иш натижалари сарҳисоб қилиниб, келгуси давр учун истиқбол режалари ишлаб чиқилди. Тез орада ўтадиган вилоят конференциясида ҳам бошқа масалалар қатори бевосита сайловларда қатнашишга доир энг муҳим вазифаларни белгилаб оламиз.  

 Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+