Ноқонуний қурилишга чек қўйилди

26.02.2021 14:02:24

Бир неча йиллар давомида Ўзбекистон «Адолат» СДП ҳудудий Кенгашларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиб келган хозирда нафақада бўлган 71 ёшли Комилжон Шадиметов мана, неча йилдирки, скандинавча юриш машқини бажариб келади. Бунга сабаб ўзидаги юрак хасталигини енгишга бўлган ишонч ва ҳаракат деб ҳисоблайди. Дарҳақиқат, К.Шадиметов бу машқдан фойда топгани ва маҳалла стадионида ўзи каби нуроний отахон-у онахонлар билан биргаликда  скандинавча машқларни бажариб келаётганини айтади. Аслини олганда ҳам мамлакатимиз аҳолиси соғлигини муҳофаза қилиш, айниқса ёши кекса кишилар саломатлигига жиддий эътибор қаратишни пандемия шарт-шароитлари бизга ўргатгани, давлатимиз олиб бораётган ислоҳотлар туб моҳияти ҳам бу борадаги ишларга тизимли қаратилганининг гувоҳи бўлиб турибмиз.

Аммо тадбиркор Умид Тўраев томонидан маҳалланинг мазкур жонажон стадиони ноқонуний равишда бузиб ташланади ва ўз манфаатлари йўлида турли хусусий иншоотларни қурдиришни бошлайди. Бу ҳақда биз мақоламизниниг ўтган галги сонларида хабар қилган эдик. Муросасиз тортишувлар, курашлар оқибатида яқиндан бошлаб тадбиркорнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди. Бунгача маҳалла аҳли озмунча азоб чекмади. Бормаган ташкилоти-ю идораси қолмади. Хатто Президентга тўғридан-тўғри мурожаат қилинди. Шундан сўнг туман ҳокимлиги жабрланувчиларнинг тарафида Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманлараро судига 2021 йилнинг 12 январида даъво аризаси киритди. Ҳеч қандай расмий ҳужжатларсиз, қонунни четлаб ўтиб Юнусобод туман Исломобод 1 тор кўчаси 23 В уй манзилида жойлашган маҳалла стадионини ўзбошимчалик билан ўзлаштирган Умид Тўраев чақирувга қарамасдан суд мажлисида ҳам қатнашмади.

Суд ишни сиртдан кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой Кодексининг 24 моддасига асосланган ҳолда чора кўриш ва ўзбошимчалик билан ўрнатилган ноқонуний қурилмаларнинг бартараф этилиши ҳамда ер майдони лойиҳа ҳолатининг Тўраев У.  хисобидан тикланиши тўғрисида ҳукм чиқарди. Бунинг натижасида айбланувчи Умид Тўраев нафақат қурилишни тўхтатди, балки ўзи буздирган стадионни қайта тиклашни ҳам ўз зиммасига олди.

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+