Норинлик шифокорлар аҳди

11.11.2019 19:11:22

Кўп йилдан бери шаклланган хайрли анъанага мувофиқ ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси мамлакатимизда тиббиёт ходимлари куни сифатида кенг нишонланади. Бугун мамнуният  билан қайд этиш мумкинки, истиқлол йилларида  соҳамиз  ҳар жиҳатдан жадал ривожланяпти. Соғлиқни сақлаш ходимларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш кўлами эса муттасил ортмоқда.

Абдували Мавланов, Норин туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, халқ депутатлари Наманган вилоят кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси:

-Халқимиз азалдан шифокорларни дунёдаги энг олижаноб касб эгаларидан бири, деб ҳисоблайди. Чунки улар ҳар қандай шароитда Гиппократ қасамёдига содиқ қолганлари ҳолда инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун энг зарур чораларни кўрадилар. Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифатини тубдан оширишга, соғлиқни сақлаш давлат тизимининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга, тиббиёт муассасаларининг ресурслар салоҳиятини яхшилашга қаратилган туб ислоҳотлар жорий этилмоқда. Ҳаётга татбиқ этилаётган комплекс чора-тадбирлар натижасида соғлиқни сақлашнинг миллий тизими янги, янада юқори даражага кўтарилмоқда. Тиббиёт ходимлари меҳнатини баҳолашнинг ҳамда улар оладиган иш ҳақи ва мукофотнинг бажариладиган ишнинг мураккаблиги ва кўрсатиладиган тиббий хизмат сифатига аниқ ва бевосита боғлиқлигини таъминлашнинг илғор механизмлари жорий этилди.

- Соғлиқни сақлаш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш учун тиббиёт соҳасини бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш, тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантиришни давом эттириш, уларнинг касбий даражасини ошириш учун муносиб шарт-шароитлар ва рағбатлантирувчи омиллар яратиш масалалари давлатимизнинг диққат марказида турибди, суҳбатга қўшилади туман тиббит бирлашмаси ходими, партиямиз фаоли Акмалжон Йўлчиев. - Соҳанинг моддий-техник негизини мустаҳкамлаш, энг янги замонавий технологиялар ва ускуналарни ишга солиш устувор масалалардан ҳисобланади. Айни вақтда тиббиёт  ходимларини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш, уларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш, самарали ишлаши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш юзасидан чоралар кўрилмоқда.

Мамлакатнинг бошқа минтақаларида бўлгани каби туманимизда ҳам аҳолига тиббий хизмат даражасини юксалтириш, фуқароларнинг шифокорлар хизматидан розилигини таъминлаш учун катта ишлар қилинмоқда. Биргина моддий-техник негизни мустаҳкамлаш масаласини олсак, шу йилнинг ўзида инвестиция дастури асосида “Учтепа” МФЙ ҳудудида янги ҚВП биноси қуриш ишлари якунланди. “Полвонкул” МФЙ ҳудудида ҳам 642 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиб, ҚВП қуввати оширилди. Шунингдек, 16-қишлоқ оилавий поликлиникаси, Чўжа, Сирмоқ ҚВП биноларини мукаммал таъмирлаш учун ҳам маҳаллий бюджет ҳисобидан катта миқдорда маблағлар ажратилди. Қисқаси, соҳани ривожлантириш тўрисида давлат кўрсатаётган ғамхўрликни барчамиз ва ҳар биримиз кўриб турибмиз. Бирлашма жамоаси бунга жавобан фидокорлик намуналарини кўрсатиб ишлаш, халқимизнинг саломатлигини асраш, ҳар жиҳатдан баркамол ва соғлом авлодни тарбиялашга муносиб ҳисса қўшишни муқаддас бурч, деб билмоқда.

Мана шу олижаноб мақсад йўлида фаолият кўрсатаётган шифокорлар орасида “Адолат” СДП аъзолари кўпчиликни ташкил этади. Тумандаги энг катта БПТ ҳам айнан тиббиёт бирлашмасида иш олиб боради. Байрам арафасида жарроҳ Абдурашид Мавлонов, акушер-гинеколог Ёрқиной Ботирова, педиатр Гавҳарой Убайдуллаев, “Тез ёрдам” ҳайдовчиси Аваз Акбаров каби ўнлаб ходимлар маъмурият томонидан муносиб тақдирланди.

Дарвоқе, норинлик шифокорлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг касб байрами муносабати билан соҳа ходимларига йўллаган табригини ҳам кўтаринки руҳда кутиб олдилар. Улар давлатимиз раҳбарининг тиббиётни ривожлантириш тўғрисидаги ғамхўрликларига жавобан янада фидокорона меҳнат қилишга аҳд этдилар.

Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+