Нотариат тизими ислоҳотлари

29.11.2020 10:11:24

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ўтказилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан нотариат соҳаси ҳам четда қолмади. Юртбошимиз томонидан 2019 йил 9 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида Нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5816-сонли Фармонга асосан, 2020 йил 1 январдан давлат нотариал идораларини босқичма-босқич нодавлат нотариал идоралар этиб қайта ташкил қилиш белгиланган эди.                                                                

Бундан ташқари, 2020 йил 16 мартда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг “Нодавлат нотариал фаолиятни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятини ташкил этиш тартиби, уларни лицензиялаш ва ҳисоб рўйхатига олиш ҳамда нотариал округдаги нотариуслар лавозимларининг энг кам сонини белгилаш тартиби ҳам ўрнатилди.

Жорий йилнинг май ойидан бошлаб Фарғона вилоятида ҳам давлат нотариал идораларида фаолият кўрсатаётган нотариуслар хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар сифатида ўз фаолиятини қайта ташкил этган ҳолда амалга оширишни бошлашди.

Ўтган етти ой мобайнида нотариуслар қонунда назарда тутилган нотариал ҳаракатларни ҳамда улар билан бевосита боғлиқ ҳуқуқий ва техник тусдаги ҳаракатларни амалга ошириш йўли билан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган бир қатор ишлар амалга оширилди. 

Ойнинг ўн беши ёруғ, ўн беши қоронғу бўлганидек, ҳаёт хам турли синов ва машаққатлардан иборат. Буни бутун Ер юзи аҳолисини жиддий ташвишга солаётган хавф - пандемия мисолида ҳам кўриш мумкин.

Бизга ҳам, афсуски, бу синов етиб келди. Кутилмаганда ҳаёт тарзимизни, одатларимизни, бир маромда кетаётган жараёнларни ўзгартиришимизга, янги талаб ва шартлар асосида яшашга ўрганишимизга тўғри келди.

Пандемия шароитида нотариал ҳаракатларни нотариуслар томонидан санитария ва гигиена қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда, яъни: Нотариал идоралар ходимлари махсус тиббий қўлқоп ва тиббий ниқобда хизмат кўрсатиб, мунтазам равишда антисептик воситаларидан фойдаланган ҳолда, бинода тез-тез дезинфекция тадбирларини ўтказиб, фуқароларни қабул қилишда бир вақтнинг ўзида 3 кишидан ортиқ фуқароларни киритмаслик, фуқароларни қабул килишда эса 2 метрлик ижтимоий масофани сақлаш чоралари қўриб хизмат кўрсатилмоқда.

Энг муҳими, пандемия шароитида фуқароларнинг тўпланиб қолишининг олдини олиш учун e-notarius.uz сайти орқали тегишли нотариусга онлайн навбатга ёзилиши, нотариал ҳаракатлар юзасидан маслаҳатларга ва саволларга жавоб олиш учун @notariusmaslahatibot  телеграм боти орқали мурожаат этишлари мумкин.

 

Муқаддас ЭГАМБЕРДИЕВА,

Фарғона шаҳар хусусий

амалиёт билан шуғулланувчи

нотариал идора нотариуси,

БПТ етакчиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+