Нукус шаҳрининг энг тоза кўчаси, хонадони ва маҳалласи аниқланди

25.09.2020 20:09:29

Мамлакатимизда сўнгги йилларда ижтимоий соҳада амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жараёнида атроф-муҳитни асраб-авайлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, уларнинг тиббий маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маълумки, юртни озода ва покиза сақлаш, ҳашарлар ташкил қилиш орқали маҳалла ва гузарларни тозалаш, ариқ ва зовурлар қазиш, боғ-роғлар яратиш ота-боболаримиздан қолган азалий қадриятлардан саналади. Зеро, халқимизда «Обод уйда пок одамлар яшайди» мақоли бежиз айтилмаган.

Ўзбекистон “Адолат” СДП сайловолди дастурида партия соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларидаги долзарб муаммоларни ечишга қаратилган ҳаракатларда фаол иштирок этиши илгари сурилган. Бу борада партия тизимида “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш йўлида партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши вакиллари ҳам жонбозлик кўрсатишмоқда. Жумладан, Нукус шаҳрида партия ташкилоти фаоллари, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари, туман маҳалла ҳайрия жамоат фонди ва “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси вакилларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари ёрдамида маҳаллалар ўртасида “Энг тоза оила”, “Энг тоза кўча” ва “Энг тоза маҳалла” номинациялари бўйича танлов ташкил этилиб, ғолиблар аниқланди. 

Унга мувофиқ, ишчи гуруҳ хулосасига кўра Нукус шаҳридаги Саломатлик кўчаси 1-уйда истиқомат қилувчи Б.Қидирниязовлар хонадони “Энг тоза хонадон”, шаҳардаги Ю.Қурбанов кўчаси “Энг тоза кўча” дея эътироф этилди. Нукус шаҳридаги “Қурилчи” маҳалласи эса “Энг тоза маҳалла” номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритди.

Танлов Қорақалпоғистон Республикасининг барча туманларида ўтказилмоқда.

Ажинияз ПАХРАТДИНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қорақалпоғистон Республикаси матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+