Нураб бораётган уйларга Кенгаш раиси “тиргак” бўла оладими?

26.07.2020 22:07:38

Фарғона вилоятининг Данғара тумани Данғара шаҳарчаси Истиқлол мавзесидаги 8 ва 11 уйларда  яшовчиларнинг  аксарияти якка-ёлғиз ва ишсиз фуқаролардир. Шу сабабли уларда ўз рўзғоридан орттириб,  уй   ташқи фасад қисмини таъмирлаш учун имконият етарли эмас. Шу сабабданми, уй йиллар давомида хароб аҳволга келиб қолган. Мазкур уйларда истиқомат қилувчилар фойдаланадиган ташқаридаги умумий санитария-гигиена узеллари ҳам ҳеч бир талабга жавоб бермайди.  Уйлар атрофида чиқинди уюмлари тўпланиб кетгани бундан-да ачинарлидир. Ваҳоланки, хонадон  вакилларининг таъкидлашича, улар барча коммунал тўловларини амалга ошириб келишган.

 Фуқаролар томонидан мазкур масалада  қилинган мурожаат   Ўзбекистон “Адолат” СДП Данғара туман Кенгаши раиси Моҳира Маматқулов томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди ҳамда  туман ҳокимлигидан кўмак сўралганда вакиллар келиб мавжуд аҳвол билан танишдилар. 

– Ҳақиқатан ҳам, уйлар ҳолати ва мавжуд шароитни яхши деб бўлмайди, – дейди   туман Кенгаши раиси. –  Мутасадди ташкилотларнинг бепарволиги туфайли маиший чиқиндилар ўз вақтида олиб кетилмаган. Туман ҳокимлигига раҳмат. Зудлик билан зарур чораларни кўришди. Ҳозирда бу ишларга электр таъминоти, газ, ободонлаштириш ишларига масъул барча мутасадди ташкилотлар жалб қилинган ва тегишли кўрсатмалар берилган.  Қувонарлиси, ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилди. Биноларнинг ташқи фасади янгиланяпти. Умумий санитария-гигиена узелларидан бири таъмирланмоқда ва биттаси бузилиб қайта қуриляпти.

 

Камола ПОЛВОНОВА,

 Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+