Нурафшонда партиянинг 25 йиллиги кенг нишонланди

19.02.2020 11:02:40

Ўзбекистон  “Адолат”  СДП Тошкент  вилояти  Кенгаши ташаббуси  билан Нурафшон  шаҳри  “Ўзбегим” тўйхонасида  партия   ташкил этилганининг 25 йиллик муносабати билан “Биз 25 ёшдамиз!”  мавзусида   байрам тадбири бўлиб ўтди. 

Унда   вилоят, шаҳар ва туман  Кенгаши раислари, депутатлар, партия фахрийлари, ёшлар, фаоллар ҳамда  ОАВ ходимлари иштирок этди. 

Тадбирнинг биринчи қисмида партия фаолиятида амалга оширилган ишларга эътибор қаратилди.

Маросимни  вилоят Кенгаши раиси Умид Шоумаров кириш сўзи билан очиб берди. Унда партиянинг  йиллар давомида амалга оширган ишлари тўғрисида  сўз юритди. Шунингдек, қўлга киритилган ютуқларда албатта партия фахрийлари, фаолларининг  фидойилиги, тинимсиз меҳнатлари  чуқур эътиборга олинди. Айни пайтда устозлар изидан дадиллик билан иш олиб бораётган жамоанинг фаолиятига айтилган дил сўзлар иштирокчилар  қалбида кўтаринки руҳ бағишлади.

Шундан сўнг, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов сўзга чиқди.  У ўтган 25 йил давомида партия ташаббуси билан амалга оширилган ишлар, келгусида амалга оширилиш лозим бўлган устувор вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Сиёсий майдонга ижтимоий адолат ғояси билан кириб келиб, мамлакатимиздаги барча ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларда  фаол иштирок этиб келаётган “Адолат”  СДП ўз электорати манфаатларини ҳимоя қилувчи жипслашган куч сифатида олдинга интилиб бормоқда. Партия ҳар доим  ҳуқуқий демократик давлат,  кучли ва адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш, ижтимоий-иқтисодий барқарор турмуш тарзини шакллантириш каби долзарб жараёнларда ўз ролини кучайтиришни мақсад қилиб қўйган.

Бундан чорак аср аввал, яъни 1995 йилнинг 18 февралида пойтахтимизда илк бор бўлиб ўтган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг таъсис қурултойида Ватанимиз мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, республикада демократияни ривожлантириш, ҳуқуқий давлат қуриш жараёнларини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш мақсадларидан келиб чиққан ҳолда сиёсий партия тузиш юзасидан қарор қабул қилинди. Аҳамиятлиси, “Адолат” номини олган ушбу янги партия ўша вақтда  нафақат мамлакатимизда, балки бутун Марказий Осиёда ягона социал-демократик йўналишдаги сиёсий партия бўлди.  Ўзбекистон “Адолат” СДП сиёсий майдонга чиққан илк кунларданоқ ижтимоий адолат ғояси тамойилини илгари суриб, мамлакатда амалга оширилаётган барча ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларда фаол иштирок этиб келаётганини, аҳолининг турли ижтимоий қатламлари манфаатларини ифодаловчи жипслашган куч сифатида ўзини кўрсата олганини таъкидлаб ўтмоқ керак.

Таъсис этилган йили 3400 кишини ташкил этган  партиямиз аъзолари сони хозирда 400 минг нафардан ошиб кетди.

Сўзга чиққан партиямиз аъзолари ва хайрихоҳлари, аҳоли ўртасида социал-демократия мафкурасини тарғиб қилиш,  унинг бошқа мафкуралардан жозибадорлигини асослаш бўйича қатор ишлар амалга ошириб келинаётганини таъкидлаб ўтдилар.

 “Адолат” СДП аҳоли орасида нафақат қонун устуворлиги ва адолатни тарғиб қилувчи, балки социал-демократияни мустаҳкамловчи сиёсий куч сифатида ҳам танилмоқда. Аҳамиятли жиҳати, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари каби Тошкент вилоятида ҳам сўнгги йилларда партия тарафдорлари сони сезиларли даражада ортди.  Боиси, вилоятда  партия ғоя ва мақсадларини, лойиҳаларини жойларда  кенг тарғиб этиш, аҳолининг турли қатламларига чуқурроқ кириб бориш, халқ орасида танилувчанлиги ва нуфузини юксалишида  партия фаоллари самарали меҳнат қилиб келишяпти.

Юқорида қайд этилганидек, бугун  партия аъзолари сони 400 мингдан зиёд, шундан 10 фоизи,  яъни 42 мингга яқин аъзолар Тошкент вилояти аҳолиси ҳисобланади.  Ундан 13279 нафари 30 ёшгача бўлган, 20176 нафари аёллар,  БПТлар 659 тани ташкил этади. Партиямиз аъзолари кўп миллатли: унинг сафларида ўзбек, тожик, туркман, қозоқ, корейс, рус, татар, қорақалпоқ  ҳамда бошқа миллат ва элат вакиллари бор.

Бўлиб ўтган сайлов натижаларига кўра,  жами 81 нафар депутатнинг 11 нафари вилоят депутатлари, шундан 40 фоизини аёллар ташкил этади.        

Давлатимиз раҳбарининг “Қайси партияга мансублигидан қатъи назар, барча юртдошларимизни бирлаштирадиган ягона ва муштарак мақсад – бу жонажон Ўзбекистонимиз, унинг буюк келажагидир. Айни шу мақсад ҳаммамизни она юртимизга садоқат билан хизмат қилишга даъват этади” дея билдирган  фикрлари нақадар ҳаққоний эканлиги  бугун ўз исботини топмоқда. 

Партия аъзолари ва хайрихоҳларини файзли дастурхон атрофига жамлаган бугунги маросим давомида партиянинг фахрий аъзолари  ва энг фаол адолатчиларга миннатдорлик билдирилиб, вилоят Кенгашининг ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Халқимиз севган санъаткорларнинг куй-қўшиқлари барчага бирдек кўтаринки кайфият бағишлади.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

  Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот хизмати

 

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+