Нурафшонда ташкил этилган сиёсий ўқув самарали ўтди

02.03.2020 12:03:01

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши томонидан Нурафшон шаҳар “Нуроний ва маҳалла” марказида ташкил этилган сиёсий ўқувда партиянинг туман(шаҳар) Кенгашлари раислари ва  партия фаоллари ҳамда депутатлар  иштирок этдилар.

Мазкур сиёсий ўқувда партия ҳудудий Кенгашлари олдида турган долзарб вазифалар ижросини таъминлаш, Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасидаги ташаббусларни партиянинг сайловолди Дастуридаги  ғоя ва мақсадларга ҳамоханг тарзда амалиётга кенг жорий этиш,  мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона ислоҳотларда партиянинг мустаҳкам позицияси ва фаол иштирокини таъминлаш, шунингдек, маҳаллий партия ташкилотлари фаолиятини самарали ташкил этишда депутатлар ҳамда туман(шаҳар) Кенгашлари раисларининг кўникма ва малакаларини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда партиянинг вилоят Кенгаши раис ўринбосари Бобур Мамиров Мурожаатномада белгилаб берилган устувор йўналиш ва вазифалар,  янги парламент ва ҳукуматнинг келгуси 5 йилдаги фаолиятини самарали ташкил этишда партиянинг муҳим  ўрни ва ролига тўхталди. Хусусан,  сайловолди учрашувларида аҳоли томонидан кўтарилган долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича аниқ дастур ва “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ҳамда уларни мутасадди идоралар билан ҳамкорликда тўлиқ амалга оширишда  депутатларимизнинг  фаоллиги ва  ташаббускорлигини янада ошириш, жойларда мунтазам учрашувлар ташкил этиш, сайловчилар билан мустаҳкам ишончли мулоқот ўрнатиш, бу орқали  партиямиз  мавқеини янада юксалтириш каби муҳим масалаларга тўхталиб ўтди.

Сўзга чиққанлар томонидан таъкидланганидек,  партиянинг устувор вазифаларини ҳаётга татбиқ этишга қаратилган лойиҳалар, фуқароларнинг мурожаатларига самарали  ечим топиш, жойлардаги муҳим муаммоларни ўрганиш, сессияга масалалар киритиш, шунингдек, аҳоли билан мулоқотларни  самарали ташкил этиш мақсадида партия фаолларининг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини мунтазам ошириб бориш  мақсадга мувофиқ.

-Тан олиб айтиш керак, ҳақиқатдан ҳам бугунги кунда партия ҳудудий кенгашларида олиб борилаётган ишларни қониқарли, деб бўлмайди, - дейди “Адолат” СДП Тошкент вилояти  Нурафшон шаҳар Кенгаши раиси Обиджон Мурадов. – Шу сабаб бўлиб ўтган тадбир  давомида олган билим ва кўникмаларимиз иш фаолиятимизни тубдан такомиллаштиришда, янги ғоялар ва ташаббуслар билан ривожлантиришда албатта асқотади, деган фикрдамиз.

Тадбирда билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар умумлаштирилиб, муҳокама этилди,  кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+