Нуронийлар даврасида маданий-маърифий тадбир

08.10.2019 17:10:07

Юртбошимиз раҳнамолигида инсон қадр-қиммати ва шаънини улуғлаш, манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича амалий ислоҳотлар олиб борилиши халқимизга хос инсоний фазилатларнинг энг юксак намуналаридан биридир.

Кексаларни қадрлаш, уларга ҳурмат-эътибор кўрсатиш борасида бизнинг халқимиздек бағрикенг, меҳр-мурувватли халқ бўлмаса керак. Бу, аввало, оилада фарзандларнинг ота-онага ғамхўрлиги, меҳрибонлигида ўз ифодасини топади. Маҳалла-кўй юмуши, тўй-маърака, жамоатчилик тадбирларида ҳам ёши улуғ инсонлар тажрибасига таянилади, уларнинг маслаҳати олинади. Асрлар давомида шаклланиб, қадрият даражасига кўтарилган бундай муносабат ҳозирги кунда Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бирига айланди. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 27 сентябрдаги “Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг имзоланиши ҳам юртимизда кексаларга ҳукумат томонидан қанчалик эътибор берилаётганлигидан далолат беради.

Нуронийларни ҳамда ёши улуғ кексаларни эъзозлаш ва қадрлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва қилинаётган амалий ишларга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши, Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Жиззах вилоят кенгаши,  “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими, Жиззах вилоят “Маданият” бошқармаси билан ҳамкорликда “Жиззах” кексалар ва ногиронлар, уруш ва меҳнат фахрийлари санаторийсида  партиянинг “Саховат-беназир қадрият” лойиҳаси  доирасида “Кексалар ҳамиша эъзозда”  мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар кекса авлод вакилларини ижтимоий муҳофаза қилиш мақсадида кўплаб имтиёз ва имкониятлар яратилаётганлигини, мамлакатимизда фахрийларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоялаш учун “Нуроний” жамғармаси ташкил этилганлигини, ёши улуғ инсонларга нисбатан ҳурмат-эҳтиром, мехр-оқибат кўрсатиш маънавий ҳаётимиз ва миллий қадриётларимизнинг ажралмас қисми эканлигини таъкидлаб ўтишди.

Санаторийда дам олувчи кекса нуронийларни кайфиятларини янада кўтариш мақсадида вилоят санъат усталари томонидан куй ва қўшиқлар ҳамда отахон ва онахонларга партиянинг ва ҳамкор ташкилотларнинг эсдалик совғалари топширилди.

Шарофат ХАСАНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

мутахассиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+