“Обод қишлоқ”дан қолган оғриқлар

31.01.2020 14:01:55

Бугун энг чекка манзилларда яшовчилар учун ҳам “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” атамалари янгилик эмас. Давлат дастурлари  ҳудудлар қиёфасини тубдан ўзгартириб, фуқароларни давлатимизга, эртанги ҳаётимиз янада фаровон бўлишига ишончини оширмоқда.

Бир қарашда Булоқбоши туманида бу борадаги ишлар кўнгилдагидек бормоқда, деб айтиш мумкин. Туман уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Алишер Ураимовни дадиллик билан “Бизда ҳаммаси яхши, умуман муаммо йўқ”, дейиши ҳам кишини хотиржам қилади.   

Мавжуд 68 та кўп қаватли уйлар М.Исмоилий, Буюк турон, Қумгузар, Учкўча, Баландчек, Нефтчилар, Саноат  ва Бозорбоши маҳалла фуқаролар йиғинларида жойлашган. 2019 йилда  38 таси “Обод қишлоқ” дастурига киритилди. Албатта, режалаштирилган ишлар тўла якунланди, деб айтиш қийин. Йил давомида 25 таси янги қиёфага киритилди, 6 тасида  ишлар давом этяпти, 7 та уй эгалари таъмирлашни ўз зиммасига олган.

Молиялаштириш масаласида муаммога ўрин қолмади. АТБ “Агробанк” ва АТ “Халқ банки”нинг туман филиаллари томонидан жами 454 миллион сўм  маблағ ажратилди. Бу атиги бир йилнинг ойнаси. Аввалги йилларда ҳам қанча иш бажарилган.

“М.Исмоилий” МФЙ ҳудудидаги кўп қаватли уйларда яшовчилар билан бўлган суҳбат хулоса чиқаришга шошилмаслик зарурлигини кўрсатди. 2018 йилда дастур асосида таъмирланган 1-2-3-уйлар фуқароларнинг ташвишини оширди. Хали қурувчилар кетмасидан бошланган норозиликлар ҳамон ечимини топмаяпти. Тўғри, кириш ва ички йўллар (подъезд), ташқи фасад таъмирланди, томлар ёпилди. Бу кўпдан буён кутилаётганди. Аммо юқоридаги ишларнинг бошида турган “Обод уйлар” ва “Юртга фидокор” хусусий уй-жой мулкдорлар ширкатларининг раҳбарлари сифат масаласига келганда ўзларини четга олдилар. Томдан ўтаётган чакки айрим хонадон эгаларининг ичига тушяпти. Халитдан кўчиб, рангини ўзгартирган деворларга сарфланган маблағга ачинасиз.

-Очиғи, уйимизнинг ташқи томонини кўрган одам ҳавас қилади,-дейди 1-уйда яшовчи Шоирахон Ҳасанова.- Яхши ният билан тўй бошлагандик. Бироқ яқинда ёққан ёмғир деворларга гул солиб улгурди. Энди тўйни тўхтатиб, уйимизни таъмирлашга мажбурмиз. Бўйнимизга кредит асосида қарз илинган. Лекин сифатсиз хизмат учун ҳеч ким тўлов қилмаяпти.

Онахоннинг гапларини қўшниси Дилмурод Маъмиров ҳам тасдиқлайди. Йўлакларни таъмирлаш чала қолган, кун ора электр таъминотида узилиш. Энг ёмони тўпланган маиший чиқиндилар ўз вақтида олиб кетилмаяпти. Ахлат уюмлари болалар майдончасининг шундоққина ёнида сочилиб ётибди. Бу экологиянинг бузилишига ҳам олиб келади.

Шу жойда 3-уй эгалари  туман ҳокимлигидан бошлаб бир қатор масъул идораларга қатнаб чарчаганликларини билдирдилар. Берилган жавоб уларни қониқтирмаяпти. Туман уй-жой коммунал хизмат бўлими ва масъул ширкат раҳбарлари қаёққа қарамоқда экан? Ёки  “Бизда муаммо йўқ” деганлари шуми?..

-Халигача кредитни қайта ҳисоблаш пайсалга солиняпти,-дейди фуқаролар,-Тўловдан қочмаймиз. Қачонки аниқлик бўлса...

Шу маҳалла ҳудудидаги 26-27-28-кўп қаватли уйлар туман ҳокимлигининг ёнгинасида жойлашган. Деразадан қараган раҳбар бу жойдаги қаровсизликдан дарҳол кўзини юмади. МФЙ идораси ҳам шу жойда. Лекин ободонлаштиришга келганда ташаббус йўқ. МФЙ мутахассиси М.Аҳмедова ахлат уюмларига қараганча: “Марказда одам кўп, тартибга келтириб бўлмаяпти”, дейишдан нарига ўтмади. Жавоб аниқ: фаоллар бош ўз яшаш жойларини обод қилишни унутганлар.

“Буюк турон” МФЙдаги 5 та кўп қаватли уйларда  ҳар тугул таъмирлаш ва тозаликка эътибор қаратилган. Бироқ энг катта муаммо канализация масаласи. Чиқинди сувлар кетиш йўлини тополмай ҳали ертўладан, ҳали очиқ майдонлардан жой топяпти. Ёзнинг иссиқ кунларида бу аҳолининг эътирозини янада оширади.

“Сувоқава” корхонаси мутахассисларининг бу жойга қадами етмаётган кўринади. Тешилган қувурдан оқаётган тоза ичимлик суви қудуқдан тошиб боряпти. Бу ёқда юқори қаватда яшовчилар учун ичимлик суви муаммо.

“Учкўча” МФЙдаги икки қаватли 1-уй эгаларининг муаммолари ҳаммасидан ошиб тушади. 2017 йилда ёпилган томдан сифатсизлиги сабаб чакки ўтиб ётибди. Ёғинли кунлар бошланиши билан бу ерда яшовчиларнинг ташвиши ортади. Умумий фойдаланишдаги ҳожатхонага ҳам қадам босишга қўрқасиз.

-Ичимлик суви биз учун орзуга айланган,-дейди Умидахон Ғозиева,-200 метр узоқликдан ташиб ичамиз. Қиш кунлари биз аёллар ва болалар учун бу азоб. Дастурга тушишини кутиб яшаяпмиз.

 Масъул - “Обод шаҳарча”  ХУЖМШ раҳбари Тахмила Сотволдиевани топиш энг қийин масала. Унинг ўзи ҳам бу уйга ўтган йилдан буён кела олмаганини айтиб, бу ҳолатдан хабарсизлигини билдирди. Қизиқ, ширкатнинг асосий вазифаси нима ўзи?..

Айтаверсак гап кўп. Биз ҳам биргина масъул ташкилотларни айблаш фикридан йироқмиз. Аҳоли ҳам тамошабинга айланмай ўз яшаш жойини обод қилишга ҳаракат қилиши керак. Ахир озод ва обод Ватанни барчамиз биргаликда қурамиз.    

Хулоса ўрнида: Давлатимиз раҳбари Конституциямиз қабул қилинганлигининг 27 йиллигига бағишланган байрам тантанасидаги маърузасида жамоатчилик назорати хақида гапирар экан, у биринчи навбатда бир қатор соҳалар қатори коммунал хўжаликда жорий этилиши зарурлиги, хизмат кўрсатиш сифати доимо жамоатчилик назоратида бўлишини айтгандилар. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши фаоллари ва маҳаллий кенгаш депутатлари бу масалани Булоқбоши тумани мисолида ўрганди. Қандай хулоса қилиш масъулларнинг ўзида.

         Малохатхон МУСАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши раиси ўринбосари,

          Акбаржон НАЗАРОВ,

  вилоят партия кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+