Очиқ ва ошкора фаолият — фуқаролик жамиятининг муҳим омили

06.09.2019 14:09:38

Давлатимиз раҳбарининг  мустақиллигимизнинг 28 йиллигига бағишланган маърузасини диққат ва зўр эътибор билан тингладим. Аввало шуни айтиш керакки, Президентимиз халқимизни энг улуғ ва энг азиз байрам билан табриклар экан, ўтган даврдаги эришган ютуқлармизни тилга олди.  Таҳлилга бой, навбатдаги устувор вазифаларнинг моҳият-мазмуни кенг очиб берилиши кайфиятимни янада кўтариб юборди.

Президентимизнинг сўзларидан кейин нафақат ўтган бир йил, балки чорак асрда халқимиз босиб ўтган тараққиёт йўли беихтиёр яна бир бор кўз олдимдан ўтди.

Менда айниқса, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” давлат дастури, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ҳар бир оила - тадбиркор”, “Ёшлар келажагимиз”, “Беш ижобий ташаббус” каби дастур ва режалар асосида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар бўйича баён этилган қоида ва хулосалар катта таассурот қолдирди.

Таъкидланганидек, олдимизда катта сиёсий воқеа турибди. Шу йил декабрь ойида мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади. Бу сайловлар миллий мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг дунёдаги ривожланган демократик давлатлар қаторига кўтаришда яна бир муҳим амалий қадам бўлади. Бу сайловлар бутун халқимиз, айниқса ёшларимизнинг орзу-интилишларини ифода этиб, улар учун янги имкониятлар очиб беради.

Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Шунинг учун ҳам амалга оширилаётган барча ижобий ўзгаришлар замирида ҳар томонлама баркамол, жисмонан соғлом, ақлан етук, нафақат кўплаб билимларни, ҳозирги даврда талаб катта бўлган касб-ҳунарларни эгаллаган, айни пайтда, мустақил ва ижодий фикрлашга қодир, интеллектуал салоҳияти юксак ёш авлод тўғрисида ғамхўрлик қилишдек устувор мақсад мужассам экани табиийдир. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, олдимизда турган энг эзгу мақсадларимиз – мамлакатимизнинг буюк келажаги ҳам, эртанги кунимиз, эркин ва фаровон ҳаётимиз ҳам, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидан қандай ўрин эгаллаши ҳам – буларнинг барча-барчаси, авваламбор, янги авлод, униб-ўсиб келаётган фарзандларимиз қандай инсонлар бўлиб вояга етишига боғлиқдир.

Мустакиллик халқимизга чиндан ҳам чексиз бахт ато этганлиги, юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли шаҳар ва қишлоқларимиз ободликка юз тутаётгани, аҳолининг турмуш фаровонлиги юксалиб бораётганлиги ўз аксини топмоқда.

Ўтган  йилларда ҳаётимизнинг барча жабҳаларида эришилган юқори ўсиш суръатлари билан бугун ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди. Энг муҳими, Ватан тараққиёти, мамлакатдаги ўзгариш-у янгиланишлар самараси юртдошларимиз турмуш фаровонлиги, хонадонлардаги қут-барака, тинчлик-осойишталик тимсолида ўзининг ёрқин ифодасини топаётир.

Президентимиз маърузаси билан танишар эканман, унда олға сурилаётган ғоялар “Адолат” СДПнинг янги тайёрланаётган сайловолди  ва сиёсий дастурида илгари сурилаётган қоидаларга мос тушганлигини англадим. Чунки партиямиз ўзининг ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда инновацион тараққиётнинг, яратилган моддий бойликлар адолатли тақсимланишининг, қонунчилик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашнинг, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига амал қилишнинг, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг очиқлиги ва ҳисобдорлигининг фаол тарафдори эканлигини баён этганлигини ҳаммамиз яхши биламиз.

Энг муҳими, мамлакатимизда инсон манфаатлари йўлида олиб борилаётган ислоҳотларнинг бардавомлиги, танлаган йўлимиз ва кўзлаган манзилимизнинг аниқлиги, давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати, халқимизнинг ғайрат-шижоати эзгу мақсадлар рўёбига хизмат қилиб, юксак марраларни забт этаётгани ҳар бир кишини келажакка ишонч билан қарашга ундайди.

Биз давлатимиз раҳбарининг Мустақиллик кунига бағишланган тантанали маросимдаги байрам табригида илгари сурилган вазифаларни бошланғич партия ташкилотларимизда, аъзоларимиз ўртасида, шунингдек, аҳоли орасида, яъни маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам тарғиб этиш юзасидан тадбирлар ишлаб чиқдик.

Зеро, мамлакатимизда илғор демократик давлат барпо этиш, ижтимоий ҳаётимизни демократлаштириш жараёнларини янада чуқурлаштириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятига очиқлик, ошкоралик бериш орқали улар ишининг самарадорлигини ошириш, фуқаролар ҳаётига дахлдор масалалар бўйича қабул қилинаётган қарорларнинг мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатламларига етказиш ва уларни рўёбга чиқариш орқали халқимизни олдимизда турган вазифаларни бажаришга сафарбар этишга ўз ҳиссамизни қўшамиз.

Президентимиз таькидлаганидек, хар бир масалани маърифат асосида чуқур ўйлаб, халққа ҳурмат билан,  одамлар фикрини инобатга олиб, фақат қонун ва адолат мезонига таянган ҳолда ҳал этсак, эл-юртимиз биздан албатта рози бўлади.

Умид ШОУМАРОВ,

 Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+