Одил судлов – адолат тарозиси

27.07.2020 19:07:58

 

Мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар олдинга қараб яна бир катта қадам ташлади. Одамларнинг судма суд эшик қоқиб боришига, туманма туман суд идорасини ахтариб сарсон-саргардон юришига чек қўйилди. Хуллас, Давлатимиз раҳбари томонидан “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон имзоланганлиги айни муддао бўлди.

Ушбу Фармонда 2021 йил бошидан суд тизимини такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган бир қанча муҳим ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар белгиланди.

Жумладан, вилоят даражасидаги фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлар бирлаштирилиб, уларнинг негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда ягона умумюрисдикция судларини ташкил этиш назарда тутилди.

Бу билан вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг ҳам салоҳияти, ҳам мавқейи ошириладиган бўлди. Маълумки, судларнинг тарқоқлиги фуқаролар учун қийинчилик туғдираётган, ортиқча сарф-харажат учун омил бўлаётган эди. Айни вақтда ҳар бир вилоят ва унга тенглаштирилган судларда тўрттадан ўн бештагача судьялар фаолият юритаётган бўлса, янги ташкил этиладиган умумюрисдикция судларида 19 тадан 47 тагача судья ишлайди. Натижада судда ишларни сифатли ва самарали кўриш механизми вужудга келади. Энг муҳими, фуқароларнинг судма-суд юриши, у шаҳардан бу шаҳарга қатнаши барҳам топади. 

Таъкидлаш жоизки, маъмурий ишлар билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўрадиган судлар битта бўлиб, турли чалкашликларга сабаб бўлаётган эди. Ўз вақтида бунинг олди олинадиган бўлди. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилиши бу борадаги муаммоларга ечим бўлиб хизмат қилади.

Маъмурий судлар амалиёти халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда белгиланиб, фуқаролар билан мансабдор шахслар ўртасидаги низоли масалалар ва қарама-қаршиликлар ечимига бевосита қаратилиши одил судловнинг серқирралигидан далолат беради. Эндиликда, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлар ташкил этилади. Бу судларда мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари ва қарорлари устидан фуқаролар томонидан берилган даъволар бўйича юритилган маъмурий ишлар кўриб чиқилади.

Фармонда яна бир муҳим масалага ўрин ажратилган. Бу ҳам бўлса,  судларда жиноят ишларини кўриш чоғида ишни суд мажлисида кўришдан аввал, инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг тортишувчанлик тамойилини амалда рўёбга чиқариш мақсадида дастлабки эшитув институти жорий этилмоқда. Хўш, бу институт нима учун керак эди? Бизнинг одил судлов амалиётида бир пайтлар жиноят ишларини қўшимча терговга қайтариш институти бор эди ва судлар бир неча босқичда шундай хулосага келиши мумкин эди. Кейинчалик, қўшимча терговга қайтариш институти бекор қилингач, дастлабки тергов органи томонидан судда тузатиш имкони бўлмаган хатоликларга йўл қўйилиши кузатилди ва оқибатда ўтган йилнинг ўзида Фармонда таъкидланганидек, 469 та иш бир неча кун, ҳатто ойлаб суд мажлисларида кўрилганидан кейин дастлабки терговдаги камчиликларни бартараф этиш учун прокурорга қайтарилган. Бу ўз-ўзидан ортиқча вақт, ортиқча иш, ортиқча маблағ талаб қилади. Эндиликда ишни судга тайинлаш жараёни 7 сутка ичида амалга оширилиши, шу муддатдагина судья мазкур масалани узил-кесил ҳал этиши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, Фармон билан прокурорнинг судда иш кўрилиши жараёнида иштирок этиш тартиби илғор халқаро стандартларга мослаштирилмоқда. Унга кўра, прокурор суд жараёнида айбловдан воз кечган тақдирда, реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш мумкин бўлади. Прокурор томонидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан ишни ўрганиш учун чақириб олинади. Прокурорнинг фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида ўз ташаббуси билан иштирок этиши чегараланади.

 Фармонда бошқа масалалар ҳам назарда тутилган. Энг муҳими, халқаро тажрибага таянган ҳолда ишни назорат тартибида кўриш институтига барҳам бериш масаласи қўйилган. Хусусан, туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш, апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш назарда тутилмоқда.

Албатта, судда ишларнинг бундай тартибда кўриб чиқилиши адвокатура институтининг мавқеи ошишига, яъни адвокатларнинг бу ишларда бевосита ёки билвосита иштирок этишига имконият туғдиради. Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва уларнинг ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш мумкин бўлади. Бундай тартибнинг белгиланиши сўзсиз суд ишларининг очиқлиги, адолатлилиги ва қонунийлиги учун хизмат қилади.

Яна бир муҳим масала, судьялар ва суд ходимларининг моддий таъминоти 2021 йил 1 январдан бошлаб тўлиқ Давлат бюджетига ўтказилиши ва уларнинг иш ҳақи оширилиши белгиланган бўлиб, бу албатта судьяларнинг ва суд ходимларининг мустақиллигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.

Шунингдек, Амударё, Нуробод, Бойсун ва Пастдарғом туман иқтисодий судлари тугатилиши, Янгийўл, Ургут, Сўх, Хатирчи ва Пахтакор туманларида фуқаролик ишлари бўйича судлар, Бўзатов, Тахиатош, Бандихон ва Тупроққалъа туманларида жиноят ишлари бўйича судлар ташкил этилиши назарда тутилган. Булардан кўзланган мақсад, ўз-ўзидан равшанки, фуқароларга қулайликлар яратишдан иборат. Масалан, Навоий вилоятининг энг катта туманларидан бири бўлган Хатирчи туманида кўп йиллардан буён фуқаролик ишлари бўйича туман судининг мавжуд бўлмаганлиги одамларга қанчалик қийинчиликлар туғдирганлигини тасаввур қилиш қийин эмас...

Фармонда судьялар ва судьяликка даъвогарларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига ҳам эътибор қаратилган. Жумладан,  Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий малака ҳайъатининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьялари малака ҳайъатларининг қарорлари устидан Судьялар олий кенгашига шикоят қилиш ҳуқуқини бериш назарда тутилган. Қонунчиликда бундай норманинг бўлиши суд кадрларини танлаш ва жой-жойига қўйишда адолатлилик ва шаффофлик принципларини таъминлайди.

Суд тизимини такомиллаштиришга бағишланган яна бир қатор масалалар жумласида Ўзбекистон Республикаси Олий судида Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бошқармасининг, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар тузилмаларида матбуот хизматларининг ташкил этилиши одил судлов фаолиятининг очиқлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Яна судлар мустақиллиги ва одил судлов органларининг обрўси учун муҳим бўлган, жамият учун аҳамиятли масала, бу судларнинг фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни янада кенгайтириш дастури бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда 2021-2025 йилларда судларнинг бинолари ва хоналарини қуриш ҳамда реконструкция қилиш дастурини тасдиқлаш учун киритиш ҳақидаги кўрсатмалардир.

Очиғи, ушбу Фармон билан киритилаётган янги тартиб суд тизимидаги муаммо ва камчиликларни, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичларини бекор қилишга, томонларга судда тенг имкониятлар даражасида иштирок этиш ваколатини таъминлашга,  инвесторлар ҳуқуқларининг ишончли суд ҳимоясида бўлишига эришишга, шунингдек, суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга, очиқлик ва шаффофликка хизмат қилади.

Шу ўринда Фармоннинг эркин ва адолатли жамият учун ҳам аҳамияти беқиёс эканлигини таъкидлаш жоиз. Албатта, жамиятда адолатни таъминлаш зарурати изчил ислоҳотларни талаб этади. Суд тизими ана шундай ислоҳотларни кутиб турган эди.

Биз Президентимиз ташаббуси билан халқимиз манфаатлари йўлида ўтказилаётган бу борадаги кенг қамровли ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз ва ушбу Фармоннинг Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан илгари сурилган дастурий вазифаларига мос ва монандлигини мамнуният билан эътироф этамиз.

Зеро, адолат тарозиси ҳисобланган одил судлов органлари амалда мустақил, қонун устуворлигини таъминлайдиган, инсон ҳуқуқларининг кафолати сифатида ҳар бир ишни адолатли ҳал қиладиган орган бўлиши жоиз. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Партиямиз мақсади ҳам одил судловни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган энг ишончли ва чинакам мустақил органга айлантиришга эришишдир. 

Абдукамол РАХМОНОВ,

“Адолат”  СДП Сиёсий Кенгаши

раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+