Огоҳлик қўнғироғи

21.01.2021 14:01:12

 

Президентимиз бошчилигидаги маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга доир видеоселектор ёшлар тарбияси, айниқса миллий ғоя ҳақида эътиборга лойиқ фикрлар билдирилгани билан диққатга сазовордир.

Муҳтарам Президентимиз бу борада гапирар эканлар,  маънавий қашшоқлик, фикр қарамлигининг олдини олишни биринчи ўринга вазифа қилиб қўйдилар.

“Болаларимизнинг қўлидаги телефони мафкура тарқатадиган қуролга айланиб бормоқда, - деди Президент, зарарли ғоялар чегарани бузмасдан хонадонларимизга кириб бораяпти. Хонадонларимизни тақиллатмай, соат эмас, дақиқа сайин кириб келаяпти. Бу огоҳлик қўнғироғидир.

 Барчамиз қандайдир бойлигимизни йўқотиб қўйсак, безовталанамиз, аммо ёшларнинг онги ва қалбини қандай мафкурага тўлаётгани билан ишимиз йўқ. Хорижники, деса, қуллуқ қилавериш ярашмайди.

Четнинг таъсирига ҳам эътиборли бўлайлик. “Дарахтнинг бўшини қурт ейди”, деб бежизга айтишмаган.  Ёшлар тарбиясида жамоатчиликнинг роли сезилиши керак. Илгари “бир болага етти маҳалла  ота-она”, деган гап бўларди. Ҳозир-чи?

Оилавий ажримлар аввал бизга мутлақо ёт эди. Озгина сабр-тоқатли бўлайлик. Оилавий ажримлар статистикасини кўринглар. Қаёққа бораяпмиз?!

Ҳатто ҳовлисини мардикорга тозалатадиган, ағдартирадиган оилалар бор. Меҳнат, одоб, меҳр-оқибатни кимдан ўрганади бунда ёшлар?!  Сиёсатда “Сен ухлаганингда душманинг уйғоқ бўлади” деган нақл бор. Маънавий жиҳатдан  ғофилликка ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Лоқайдлик, ухлаб ўтиришни бас қилиш керак. Бунга эътибор бермаслик ватанга ва халққа хиёнатдир. Коррупция, таъмагирлик, бюрократия нафақат иқтисодиётда, балки маънавият соҳасида ҳам бор. Бундай таҳдидларга қарши таълим ташкилотлари қандай рол ўйнаяпти?  Бизда шундай таҳдидларга қарши замонавий методлар ишлаб чиқилганми?  Тараққиёт натижасида бизга умуман ёт бўлган технологиялар кириб келаяпти.

Эндиликда “Маънавият тарғиботчиси”  ўқув маркази негизида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ташкил этилади. Маънавий тарбия тизими янги платформаси, стратегиясини яратиш устида иш олиб борилади.

 Бугун Миллий ғоя билан тадбиркорликни амалга ошириш лозим. Айтайлик, кластер бўлса, у ҳам миллий ғоя  билан ишласин. Вазирлик, компаниялар раҳбарлари аввало маънавиятли бўлсин. Боғимизда бир дарахтга қурт тушса, дарров унинг олдини олишга киришамиз. Нега маънавиятга эътибор бермаймиз?

Маънавиятни ким орқали тарғибот қиламиз? Маҳаллаларда, қаерда ажрим кўп, қайси маҳаллада ишсиз кўп, шу бўйича ишласа бўладими?

Маънавиятда бўшлиқ пайдо бўлиши мумкин эмас. Маҳаллий Кенгашлар қарорлари Республика Маънавият ва маърифат кенгаши томонидан муҳокама  қилиб борилади.  Ҳокимларнинг ўзи маънавиятли бўлмай, ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Ёндашувлар бор, лекин бири иккинчисини инкор этади. Мажлислар сон, рақамлар учун керак эмас.

Илм сари ҳаракат қилиш лозим. Халқ таълимида бу борада ўзгариш бошламасак, ўзгариш қилиш қийин.

Маҳаллаларда тадбиркорликни, банклар мижозбай ишлашни ўрганишлари керак.

Шунингдек, Президентимиз олий таълим муассасаларида ёшлар тарбияси бўйича  камчиликлар, Маънавий-ахлоқий тарбия дастури ишлаб чиқиш, маънавият ва маърифат масканлари қуриш, нуронийларнинг ёшлар билан иш олиб бориши, иқтисодиётнинг маънавият билан уйғун  шаклланиб бориши лозимлиги ва бошқа мавзуларда диққатга сазовор  фикрларни билдириб ўтди.

 

Азамат ТАВБОЕВ,

Халқ депутатлари Пайариқ туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+