Оила даврасида мустақиллик тантанаси

25.08.2020 15:08:46

 

Мустақиллик- улуғ неъмат. Бу бебаҳо бойлик бизга эркин яшаш, ўз тараққиёт йўлимизни ўзимиз белгилаш имконини берди, ўзлигимизни, қадриятларимизни қайтарди. Халқимиз ўтган 29 йил давомида қанча ютуқ ва марраларга эришган бўлса, бу шубҳасиз, истиқлол мевасидир. Шу боисдан, ҳар йили мустақиллик байрамини юртдошларимиз ўзгача ҳаяжон ва катта кўтаринкилик билан нишонлайди.

Бугун юртимизнинг қайси бир ҳудудига борманг, ватандошларимизнинг кўнглида, кўзида мустақилликнинг ёрқин шукуҳини, бугунги дориломон кунларнинг шукронасини кўрасиз. Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида астойдил меҳнат қилаётган, орзу-умидларини ўзида ифода этган энг улуғ, энг азиз байрам — истиқлол шодиёнасининг ажиб таровати бугунги мураккаб, синовли бир даврда кўзларга қувонч, юракка мадор бўлмоқда. Пандемия сабаб юзага келган қийин вазиятга қарамай қалбларда байрам шукуҳи.

Ҳар бир мамлакатнинг байрамлари унинг маданияти, тарихи ва миллий қадриятларини ўзида акс эттиради. Шу маънода мустақиллик хақида гапирганда Ўзбекистоннинг ҳам ўзига хос  тарихи, бой маданияти ва қисқа вақт ичида дунё ҳамжамиятида тутган ўрни кўз олдимизда гавдаланади. Амир Темур, Абу Али Ибн Сино ва Бобур каби буюк  алломаларимизнинг номини бутун дунё аҳли хурмат билан тилга олаётгани қалбимизни фахр ва ғурурга тўлдиради. Байрам тантаналари ва халқаро даражадаги тадбирларда уларнинг номлари такрор такрор тилга олиниши ҳам бежиз эмас.  

Бу йил байрам аввалгиларидан фарқли равишда оила даврасида ўтказилади.  Сабаби тождор душман номи билан  барчани ташвишга  солган коронавирус пандемияси билан боғлиқ. Оилавий нишонлаш бир томондан оила мустаҳкамлигига хизмат қилса, ўз ўрнида халқимизнинг жипслиги, аҳиллигини ҳам кўрсатади. Қолаверса, байрам кунлари давлатимиз раҳбарининг ташаббуси бўлган “Саховат ва кўмак” умуммиллий ҳаракати доирасидаги савобли ишлар кўлами янада кенгаяди.

Биз  пандемия сабаб қийинчиликларга, синовларга бардошли, кучли ва қатъиятли эканимизни  кўрсата олдик. Айрим давлатлардаги  каби юртимизда катта талофатлар, қурбонлар бўлмади. Бу Ўзбекистон дея аталмиш мустақил давлатимиз сиёсатининг асоси инсонпарвар эканлигининг ифодасидир.

 Оғир вазиятга қарамай юртимизда истиқлол нафасининг кезиб юргани мустақиллик халқимиз маънавий ҳаётида қанчалик беқиёс ўринга эга эканлигининг белгиси. Бу байрам ҳар биримизнинг қалбимизда ватанпарварлик ва меҳр-оқибат фазилатларини тарбиялайди. Келажагимиз эгаларининг илк талаффуз қиладиган сўзи  “она” ва у билан  бир қаторда “мустақиллик”. 

Ҳар оқшом оила даврасида йиғилганимизда фарзандларимнинг ўқишдаги, ишдаги ютуқларидан бир қувонсам, юртимиздаги ўзгаришлар, амалга оширилаётган ислоотлардан икки ҳисса қувонаман. Кўчаларимизнинг обод бўлиб бораётгани, амалга оширилаётган кўкаламзорлаштириш ишлари, қад ростлаётган замонавий бинолар, қайси бир қўшнимникида янграган тўйлар садоси завқимни оширади. Тинч ва фаровон юртда яшаётганимиздан, шу Ватанга, халқимга нафим тегаётганидан қувонаман. Инсон учун бундан ортиқ бахт борми?!

Вақтлар келиб кўчаларни тўлдириб яна шу қутлуғ кунларни биргаликда нишонлаймиз. Байрам тантаналари ташкил этилади. Ҳозирча оила даврасида, карантин қоидаларини унутмаган ҳолда хонадонларимизда нишонлайлик.

                                                                                Мадаминжон МАДАЗИМОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилояти Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+