Округ сайлов комиссиялари таркибининг 50 фоиздан ортиғини аёллар ташкил этмоқда

15.10.2019 18:10:52

Сўнгги йилларда Президентимизнинг шахсан ташаббуси билан мамлакатимизнинг барча соҳаларида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.  Ушбу ислоҳотларнинг қанчалик самарадорлиги жамиятдаги ҳар бир аҳоли  қатламининг фаол иштирок этиши билан боғлиқдир. Бу борада айниқса,  хотин-қизларнинг ўрни ва роли демократик жамият тараққиётининг муҳим кафолатидир. Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда жорий йилги сайловлар олдидан Ўзбекистон “Адолат” СДП ўзининг сайловолди дастуридан жамиятда аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Аҳоли ва кенг жамоатчиликка партия дастурий мақсад-вазифаларини тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” СДП Навоий вилоят Кенгаши томонидан Зарафшон шаҳридаги тиббиёт коллежида “Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш – давр талаби” мавзусида семинар тренинг ўтказилди.

Семинар-тренингда халқ депутатлари Зарафшон шаҳар Кенгаши депутатлари, бўлажак сайловларда депутатликка номзод сифатида захирага олинган хотин-қизлар, шаҳар сайлов комиссияси вакиллари ва экспертлар иштирок этди.

Тадбирда сўз олган партиянинг Зарафшон шаҳар Кенгаши раиси Бурхон Турдиев партия сайловолди дастурида алоҳида бир йўналиш “Кучли ижтимоий ҳимоя – адолатли жамият пойдевори!” деб номланиб, унда жамиятда хотин-қизларнинг манфаатларини ҳимоя қилишда бир қатор мақсадларни илгари сураётганлигини таъкидлади.

Жумладан,  биз «Ижтимоий тенглик – тенг ҳуқуқ ва тенг масъулият демакдир» деган тамойилга таянган ҳолда фуқароларнинг сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий тенглиги, ҳар бир фуқаро қобилияти ҳамда малакасидан келиб чиқиб меҳнат қилиши кафолатланадиган, меҳнатининг миқдори ва сифатига яраша муносиб иш ҳақи ва ҳаёт даражасига эришиши учун кенг имкониятлар яратилган ижтимоий давлат қуриш учун курашиш белгиланган.

Шунингдек, хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий ҳаётдаги ролини, сиёсий, ижтимоий мақомини янада ошириш, иқтидорли ҳамда юқори малакали хотин-қизларни давлат бошқаруви ва сиёсатга фаол жалб этиш бирламчи вазифа эканлигини таъкидлади.

Маърузачилар томонидан жорий йилда ўтадиган сайловларда ҳудуддаги округ сайлов комиссиялари таркибининг 50 фоиздан ортиғини аёллар ташкил этаётганлиги ҳам бу борадаги ислоҳотларнинг амалий ифодаси эканлиги эътироф этилди. 

Акбар ЖАЙНАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Навоий вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!