Олий таълим муассасаларида қабул квотасини бекор қилиш фикрига қўшиламан

13.09.2019 12:09:41

Айни кунларда партия томонидан олий таълим муассасаларига имтиҳонларсиз қабул қилиш, яъни қабул квоталарини бекор қилиш бўйича вазифалар белгиланаётгани мени беҳад қувонтирди.

Бугунги кунда аҳолининг олий таълим олишга бўлган эҳтиёжи юқори, ўқишга кира олмаган ёшлар асосан хорижга ўқиш ёки ишлаш учун йўл олмоқдалар. Мени ўйлантирадиган ҳолат: Ёшлар хорижда таълим олаяпти,  аммо қанча сарф-харажат қилиб, сифати паст таълим даргоҳларида эмас, таълим сифати, рейтинги юқори олий таълим муассасаларида таълим олаяптимикин? Иш излаб кетган ёшларимиз соғлигини, вақтини йўқотмаяптими?

Албатта, мамлакатимизда бугунги кунда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳар тамонлама таҳсинга сазовор. Хусусан, олий таълим тизимида ҳам барча соҳалар сингари туб ислоҳатлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда олий таълим муассасалари квоталари босқичма-босқич оширилди, аммо, бу қамровни етарли, деб бўлмайди. Олий маълумотли бўлиш юртимизнинг келажаги бўлган ҳар бир ёшнинг олдига қўйган энг олий мақсадларидан бири, десам муболаға бўлмайди.

Шундан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда ривожланган давлатлар тажрибаси сифатида масофавий таълим тизими йўлга қўйилса, аъло даражадаги иш бўлади, деб ҳисоблайман. Ана шунда ушбу тизим орқали ҳозирги кундагига нисбатан анчайин кўпроқ аҳолини олий маълумотли бўлиш имконияти яратилади. Шу ўринда кадрларнинг сифатига ҳам тўхталиб ўтиш лозим, кадрлар сифати тушиб кетмаслиги учун масофавий таълим тизимига маълум бир иш стажига эга, ўрта махсус маълумотли ходимларни қабул қилиш ҳам кадрлар сифат даражасига ўз таъсирини кўрсатади.

Қурбонали ИЛАШЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Пастдарғом туман Кенгаши

“Истеъдод клуби” аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+