Олтиной МАМИРОВА: Мураккаб вазиятдан эсон-омон чиқамиз

22.03.2020 17:03:09

Cўнгги ойларда жаҳон миқёсида коронавирус хавфи глобал муаммога айланди. Юртимизда ҳам бу вирус билан касалланиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида амалий ишлар қилинмоқда. Дастлаб, фарзандларимизни ҳимоя қилиш мақсадида, олий таълим, ҳалқ таълими, мактабгача таълим муассасалари фаолияти тўхтатилди. Барча талабалар, мактаб ўқувчилари, тарбияланувчилари уйларига қайтарилди. Халқаро йўловчи ташиш йўналишлари бекор қилинди. Озиқ-овқат нархларини асоссиз ошириш ҳолатлари назоратга олинди. Тиббиёт ходимларининг масъулияти янада ошди. Аҳоли ўртасида ушбу вирусни юқтириб олмаслик бўйича керакли тавсиялар, тарғибот ишлари қилиняпти. Аммо шунга қарамай, коронавирусга курашиш бўйича тиббий анжомларнинг етишмаслиги, тиббиёт ходимларига эса, қўшимча мажбуриятлар юкланаётгани, фаолияти чет давлатлар билан боғлиқ ишлаб чиқариш корхоналаридаги баъзи узилишлар халқимизни саросимага солмай қолмади.

Куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон аҳолининг тиббий ва иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш бўйича барча чораларни кўриш механизми тўлиқ қамраб олингани билан аҳамиятлидир.

Мазкур ҳужжат билан Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилди. Жамғарма маблағлари коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш бўйича тадбирларни молиялаштириш, тадбиркорликни ва аҳоли бандлигини қўллаб-қувватлаш, иқтисодиёт тармоқларининг барқарор фаолият юритишини таъминлаш йўналишларига сарфланиши белгилаб қўйилди.Шунингдек, йил якунига қадар, солиқ текширувларига мораторий эълон қилинди. Бундай қийин шароитда тадбиркорни бирорта текширувчи безовта қилмайди.

Коронавирус таъсири энг юқори бўлган иқтисодиёт тармоқларидаги корхоналарнинг кредит муддатлари узайтирилди. Туристик йиғимлар ундириш вақтинча тўхтатилди.

Таъкидлаш жоиз, ушбу Фармон билан аҳолини иш билан таъминлаш, бунинг учун маҳаллаларда қўшимча инфратузилма объектлари қуришга қўшимча 200 миллиард сўм ажратилиши белгиланди. Ҳақ тўланадиган жамоат ишларига ажратиладиган маблағ икки баробарга оширилди.

Албатта, юқоридаги иқтисодий механизмларни қўллашнинг ягона мақсади — коронавирус пандемиясига қарши курашиш билан биргаликда аҳолининг даромадини ошириш орқали иқтисодиётимизни барқарорлаштиришдир.

Шундай экан, ушбу хавф йўлида ягона бўлиб жипслашишимиз, Фармонда белгиланган имтиёзлар халқимизнинг фаровон яшашига хизмат қилишида ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшишимиз шарт. Ажратилган маблағнинг ҳар бир суммаси дарҳол реал иқтисодиётга кириб келиши учун барча саъй-ҳаракатларни кўришимиз лозим.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда кўрилаётган амалий чора-тадбирлар жаҳон миқёсида ўз салбий таъсирини кўрсатиб улгурган ушбу глобал муаммодан беталафот, йўқотишларсиз чиқишимизда муҳим омил бўлади. Матонатли халқимиз бошига тушган бу оғир ва мураккаб вазиятни албатта енгиб чиқишимизга ишонамиз.

Олтиной МАМИРОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+