Оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик кучайтирилди

24.10.2020 18:10:15

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси  Хоразм вилоят Кенгаши томонидан “Урганч трансгаз” унитар корхонасида матбуот анжумани ташкил этилди.

Анжуманга  вилоятда фаолият олиб бораётган  оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист  ва блогерлар, ҳамкор ташкилот вакиллари ҳамда партия фаоллари, депутатлари иштирок этишди. 

Анжуман кун тартибида партиянинг вилоят Кенгаши раиси Тохир Палвановнинг “Ўзбекистон “Адолат” СДП Хоразм вилоят кенгаши ҳамда депутатлик гуруҳларининг 2020 йил 9 ой давомидаги фаолият ва истиқболдаги вазифалари” тўғрисидаги  ҳисобот маърузаси тингланди.

Таъкидланишича, жорий йилнинг 15 март кунидан коронавирус пандемияси мамлакатимизнинг барча соҳалари қатори сиёсий партиялар фаолиятига ҳам таъсир этмасдан қолмади. Карантин шароити туфайли фаолиятимизда бир қатор ўзгаришлар бўлди. Жумладан, тадбир, семинар, давра суҳбатлари ZООМ дастури  орқали  онлайн  усулида ўтказилди. Фуқаролар мурожаатлари ёзма ва электрон шаклда қабул қилинди. Уйма уй юриш ва аҳоли билан юзма-юз кўришишга қаратилган лойиҳалар карантин сабабли ишсиз ва даромадсиз қолган фуқароларга ёрдам бериш учун санитария талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ташкил қилинди, мурожаатлар партиянинг ишонч телефонлари ва электрон почталар орқали қабул қилинмоқда. Асосийси, онлайн тартибда ишни йўлга қўйилгани учун партия тизимидаги ишлар тўхтаб қолгани йўқ, фаолиятда замонавий технологиялардан фойдаланиш улуши ошган.

Карантин чоралари белгилангандан сўнг партия фаоллари ва депутатлар томонидан кам таъминланган аҳоли қатламларига амалий кўмак беришга эътибор кучайтирилган.

Партия вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан жами 357 та учрашувлар ўтказилиб, уларда 7 минг  700  нафар иштирокчи қамраб олинган.

Партиянинг Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида 290 нафар фуқаролар иш билан таъминланди. Шундан 190 нафарини ёшлар, 100 нафарини аёллар ташкил этади. Шу билан бирга 11 нафар ёшга кредит олишига кўмаклашилган.

Хоразм вилояти Кенгашининг ташаббуси билан телеграм каналида “Иш топишингизга кўмаклашамиз” гуруҳи очилиб, 10 мингдан ортиқ фуқароларни ўзида жамлаган ва шу кунга қадар 400 дан ортиқ  фуқароларга ишга жойлашиши учун кўмаклашилган. Гурлан, Шовот, Хонқа туман Кенгашлари фаоллик кўрсатган бўлса,  Урганч шаҳар, Урганч тумани ва Хива шаҳарларида эса лойиҳа бўйича ишлар етарлича ташкил қилинмаган.

Вақтинча даромадсиз қолган, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати бўйича кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларнинг 1 минг 300 нафарига партия депутатлари ва кўнгиллилари томонидан зарурий озиқ-овқат ва тиббиёт маҳсулотлари етказиб берилди. Кўрсатилган ҳомийлик жами 50 миллион сўмдан ортиқни ташкил қилди. Шунингдек, март-апрель ойларида партия депутатлари ва ходимларининг бир кунлик иш ҳақлари  “Меҳр-шафқат ва саломатлик" жамоат фондига ўтказиб берилган.

Шунингдек,  фаолиятдаги ижобий ишлар билан бир қаторда йўл қўйилган хато ва камчиликларга ҳам эътибор қаратилди.

Жавлонбек Искандаров, вилоят Кенгаши раис ўринбосари:

  • Ҳисобот даврида йўл қўйилган бир қатор муаммо ва камчиликлар танқидий-таҳлил этилди. Жумладан, айрим депутатлик гуруҳларининг фаоллиги  талаб доирасида эмаслиги, сессияга масала киритиш, мансабдор шахсларнинг эшитуви, бошланғич партия ташкилотлари, “Аёллар  қаноти” ва “Ёшлар қаноти” фаолиятидаги камчиликлар муҳокама этилди ва уларни бартараф этиш чоралари  илгари сурилди.

Дилбар Бекчанова, Ўзбекистон Республикаси Президенти  Администрацияси  ҳузуридаги  Ахборот ва коммуникациялар агентлиги Хоразм вилоят бошқармаси бошлиғи: 

  • Бўлиб ўтган матбуот анжумани жуда фаоллик билан ташкил этилди. Партиялар ичида “Адолат” СДП энг фаол партия сифатида кенг жамоатчиликнинг эътиборига тушган. Айниқса, вилоят Кенгаши депутатлари томонидан жуда салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Партиянинг ОАВлар билан ҳамкорлигини ҳам эътироф этиш жоиз. Ечимини кутаётган муаммолар тўғрисида фикрлар алмашдик. Керакли тавсияларни бердик. Партиянинг ривожи учун ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб  муносиб ҳиссамизни қўшамиз.

         Савол-жавоб, фикр ва мулоҳазалар, таклиф ва тавсияларга бой бўлган матбуот анжумани сўнгида партиянинг дастурий-ғояларини кенг жамоатчилик эътиборига намоён этган, вилоят Кенгаши ҳамда депутатлик гуруҳлари томонидан амалга оширилган  ишларни ҳолис ва ҳаққоний ёритиш, унга таҳлилий назар ташлаш, сўнги янгиликлардан электоратимизни хабардор этишда самарали ҳамкорлик қилган бир қатор ОАВ ҳамда журналист ва блогерлар партиянинг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

 

                                                                                                             Замира АБДУЛЛАЕВА,
                                                                                                       Ўзбекистон “Адолат” СДП

                                                                              Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+