“Она тили ва адабиёти” фан ойлигида партиядошларимиз фаол қатнашяпти

10.10.2019 11:10:56

Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши ва ҳар йили 21 октябрнинг мамлакатимизда тил байрами сифатида кенг нишонланиши она тилимизга бўлган чексиз ҳурмат, маънавиятимизга, миллатимизга бўлган юксак эътибор намунасидир.
Конституциямизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми ҳуқуқий жиҳатдан белгилаб берилган, унинг мавқеи мустаҳкамланган. Она тилимиз мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси каби қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас тимсолларидан биридир.
Шу кунларда барча умумтаълим мактабларида ўтказилаётган “Она тили ва адабиёти” фан ойлиги муносабати билан ўғил-қизлар онгу шуурига миллий истиқлол ғояси ва умумбашарий қадриятларга, шу жумладан, она тилига меҳр-муҳаббат, Ватанга садоқат, миллатлараро бағрикенглик каби юксак туйғуларни сингдиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон “Адолат”СДП Сурхондарё вилояти Кенгаши ҳамда партиянинг Жарқўрғон туман Кенгаши ҳамкорликда туманидаги 33- умумий ўрта таълим мактабида мактаб ўқувчи ёшлари ўртасида Ўзбек тилига давлат мақоми берилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан “Она тилим - қалбим қуёши” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар ҳар бир миллатнинг ўзлигини, якдиллигини ва маънавиятини белгиловчи куч она тили эканлиги, она тили асос бошқа хорижий тилларни ўрганиш зарурлиги тўғрисида сўз юритилди.
Раъно Узоқова, 33-сонли умумтаълим мактаби она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси:
-Болаларга ўзбек тилини ўргатиш билан бирга, улар онгига маданий меросимиз, миллий қадриятларимизга ҳурмат билан муносабатда бўлиш зарурлигини ҳам сингдириб борамиз. Ёшларимиз тафаккурида инсонийлик, ватанпарварлик, олижаноблик туйғуларини шакллантиришда она тилининг ўрни беқиёсдир.
Мактабимизда “Ёш тилшунос”, “Ёш адабиётшунос”, “Ўзбек тилини ўрганаман”, “Ёш қаламкашлар”, “Нутқ маданияти” каби тўгараклар фаолиятининг йўлга қўйилгани ўқувчиларнинг ўзбек тилининг жозибаси, гўзаллиги, бойлиги ва бетакрорлигини янада кенгроқ ўзлаштиришига замин яратмоқда.
Она тилини муқаддас билган эл ҳамиша кимлигини англаб, ўзгаларга англатиб яшайди. Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили миллатнинг руҳидир.
Шунингдек, тилга муҳаббат ҳар бир кишининг халқига бўлган муҳаббатини ҳам англатади. Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадиган ҳаёт ойнаси бу тил ва адабиётдир. Ушбу ҳаёт ойнаси бугунги кун ёшлари қалбида катта ўрин эгаллаб келмоқда.
Тадбир доирасида ўқувчи ёшлар адабиёт ва санъатга бўлган қизиқишларини ҳам намойиш этиб, атоқли шоир ва адиблар ижодидан шеър ва лавҳаларини ўқиб эшиттирдилар.
Тадбир сўнгида мактаб ўқувчилари ва уларнинг она тили ва адабиёти ўқитувчиларига партиянинг ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Гулшод ТУРСОАТОВА,
Ўзбекистон “Адолат”СДП Сурхондарё вилояти Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+