Она тилига эътибор ватанпарварликдир

20.10.2020 12:10:50

 

Ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш учун кураш кетаётган 1989 йилда Тошкентнинг ҳозирга Мустақиллик майдонидаги улкан бино тепасига одам бўйи келадиган ҳарфлар билан узоқ-узоқлардан кўринадиган қилиб ёзиб қўйилган Алишер Навоийнинг “Тилга ихтиёрсиз-элга эътиборсиз” деган ҳикматли сўзлари ҳозир ҳам ўша юксакликда порлаб турибди. Бу сўзларнинг теран маъноси ҳанузгача долзарб аҳамиятини йўқотмаган.

Жамиятимизда ўз она тилини ўрганишни астойдил ихтиёр қилмайдиган одамлар ҳам бор. Албатта тил ўрганиш ихтиёрий. Аммо она тилига ихтиёрсиз бўлиш-уни писанд қилмаслик элга эътиборсизликдан келиб чиқади. Бобомиз бу сўзларнинг худди шу маъносига урғу беради.

“Муҳокамат ул-луғатайн” асарини ўқиган француз олими М.Беллин бобомизнинг она тилига бу қадар эътиборликларини ҳақиқий ватанпарварликдир дея баҳолайди.

Тилнинг қудрати ва афзалликлари шу тилни яратган халқнинг ўзи билан бирга яшасагина ривожланиб, ўсиб боради. Ҳар қандай тарихий ҳақиқат тил воситасида, эсда қоладиган ёрқин сўзлар, образлар ёрдамида авлоддан авлодга етказиб берилмаса унут бўлиб кетади.

Бугунги миллий тилимиз халқимизнинг бутун тарихи давомида шаклланиб, бойиб борган. Айниқса, она тилимизни улуғлаш ва ривожлантиришда Алишер Навоийдек буюк мутафаккир томонидан қилинган қаҳрамонона ишлар бугунга қадар етиб келди ва абадий яшайди. Ўтмишимиз, азалий одатларимиз ва анъаналаримиз келажак учун, авлодлар учун доимий ибрат бўлиб хизмат қилишга муносибдир.

Дилдора КОМИЛОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Булоқбоши туман Кенгаши фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+