Она тилимиз адолат тамойилларидан баҳраманд бўлсин!

26.09.2019 10:09:35

 

Интернетдаги ижтимоий тармоқларда турли мавзуларда фуқаролар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришмоқда. Интернет саҳифаларида берилган катта-кичик ҳажмдаги маълумот ёки таҳлилий мақолаларда турли имло хатолари учраётганлигига аксарият ҳолларда мухлислар эътибор беришмайди.

Ана шундай чиқишлар остига мухлислар ёзиб қолдираётган изоҳларда имло хатолари баъзан шу қадар кўп бўладики, ўзингиз хижолат тортиб кетасиз. Ҳеч қурса, бу муаллиф ўзи изоҳ қолдираётган мақоладаги сўзларни озгина диққат билан ўқиса бўлмайдими, дейсиз беихтиёр. Одатда, бу муаллифлар “Изоҳ билан танишганлар бу хатоларни кўрганида нима деб ўйлайди, пала-партиш ёзилган жумлалар бошқаларни асосий мавзудан чалғитмайдими?”, деган мулоҳазага бориб ўтирмайди чоғи. Биз ҳали хорижий тиллардаги сўзларни ноўрин тарзда аралаштириш ҳолатлари ҳақида тўхталмаяпмиз. Аксарият изоҳларнинг муаллифлари ўзбек адабий тили ҳақидаги тушунчага эга эмаслиги яққол кўриниб қолмоқда. Худди мактаб ва лицейларда дарслар фақат шевада олиб борилаётгандай тасаввур пайдо бўлади. Мазкур изоҳларнинг муаллифлари бирор ташкилот раҳбарига ариза ёзсалар ҳам шундай йўл тутадиларми?

Ижтимоий тармоқларда бошқа тилларда берилган чиқишларга ўша тилларда сўзлашувчилар қолдираётган изоҳларда бунақа ҳолатлар деярли кузатилмайди. Очиғини айтганда, бунга кишининг ҳаваси келади. Ваҳоланки, улар ҳам турли ёшдаги мухлислар, турли касб эгаларидир.

Ахир она тилида тўғри ёзиш ҳам кишининг маданиятлилик даражасини, саводхонлигини, она юртга ҳурматини ифодалайди-ку! Ўз фикрини билдирган яхши, аммо шу фикрларни иложи борича имло хатоларисиз ифодалай олиш яна ҳам яхши, албатта.

Балки ижтимоий тармоқларнинг мутасадди ходимлари “Иложи борича имло хатоларисиз ёзишингизни илтимос қиламиз”, деган мазмунда эслатма бериб қўйишса, она тилимизни асраб-авайлашга ҳисса қўшган бўлишарди.

Яна бир ҳолат ҳақида тўхталиб ўтиш жоиз. Кейинги пайтларда ўзбек тилида муқобили бўлса ҳам айрим сўзлар, атамаларни тўғридан-тўғри инглизча сўзлар билан ифодалаш урф бўлмоқда.

Эътибор қилсангиз, хорижлик тадбиркор, ишбилармонлар бошқа мамлакатларда савдо белгилари, маҳсулот номлари, маҳсулотларга ёзилган турли мазмундаги жумлалар орқали ўз она тилини ҳам тарғиб этишни назардан четда қолдирмайдилар. Очиғини айтганда, бунга ҳам кишининг ҳаваси келади.

Ҳар бир тилни асраб-авайлаш, келгуси авлодларга бекам-у кўст етказиш шу тилда сўзлашувчиларнинг ҳаётий бурчи, тарихий вазифаси саналади.

Шуларни назарда тутиб, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг янги дастурлари лойиҳаларида ўзбек адабий тили меъёрларига риоя қилиниши, аҳоли ўртасида давлат тилига ҳурмат руҳини шакллантириш ва мустаҳкамлаш миллат яхлитлигини таъминловчи ҳаётий омил эканлиги таъкидланиб, шу мақсадда тарғибот ишларини кучайтириш, бу борада қонунчилик асосларини такомиллаштириш муҳим вазифалар қаторидан ўрин олиши лозим. Адолат тамойилларидан она тилимиз ҳам баҳраманд бўлиши айни муддаодир.

Сарвиноз ҒАЙБУЛЛАЕВА,

Гулистон давлат университети

Филология факулътети талабаси,

"Адолат" СДП фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+