Она тилимиз тарихида янги зарварақ очилди

28.10.2019 18:10:39

Давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг эълон қилиниши бутун ўзбек халқи, хусусан, тилшунос олимлар, адабиётшунослар, соҳа вакиллари учун катта байрамга айланди, десам муболаға бўлмайди.

Дарҳақиқат, она тилимиз ўтган ўттиз йил давомида халқимизнинг ўзлигини англашида, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларда ўз мавқеига эга бўлиб, улкан куч сифатида майдонга чиқди. Бу давр ичида ўзбек тилини давлат тили сифатида ўрганиш, нуфузини ошириш борасида самарали ишлар олиб борилганига барчамиз гувоҳ бўлдик.

Мазкур Фармонда белгиланган мақсад-вазифалар эса она тилимиз тарихида янги зарварақларни очиб берди. Айниқса, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун – 21 октябрь санасини “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилиши юрагимизни ғурур ва ифтихорга тўлдирди. Бу куннинг нишонланиши миллатимизнинг бардавомлигини таъминлашда, ўсиб келаётган ёш авлодни тилимизни асраш ва унга ҳурмат руҳида тарбиялашда, дунё ҳамжамиятида ўз ўрнимизни янада мустаҳкамлаб боришимизда катта аҳамиятга эга, деб ўйлайман.  

Шу билан бирга, Фармонда “Давлат тили ҳақида”ги Қонунни янги таҳририни ишлаб чиқиш белгилангани, нафақат тилшуносликда улкан ўзгаришлар бўлишига замин яратади, балки Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси олдига ҳам залворли масъулиятни юклаши билан ўта муҳимдир. Айтиш лозимки, Фармоннинг асл моҳияти амалиётда ўз ижросини топар экан, тилимизнинг обрў-эътибори, шон-шухрати асрлар оша мустаҳкамланиб бораверади.

Зулайҳо АХМАДЖОНОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

Ахборот хизмати мутахассиси,

партия фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+