Онахон хонадонидаги муаммолар бартараф этилди

28.11.2019 19:11:22

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Хоразм вилоят Кенгаши фаоли, блогер Шавкат Атамуратовнинг ташаббуси билан партия фаоллари ҳамкорликда Питнак шаҳар “А.Ибрагимов” маҳалласида яшовчи  67 яшар, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган Бика она Мадримованинг ҳолидан хабар олиш учун хонадонига ташриф буюришди. Фаоллар  онахон  билан суҳбат чоғида унинг яшаш шароити жуда оғир бўлиб, уйи газ билан таъминланмагани, электр ток узатгичлари хавфли ҳолатга келиб қолганининг  гувоҳи бўлишди.

Партия фаоллари муаммолар юзасидан жойнинг ўзида тегишли ташкилот раҳбарларига мурожаат қилишди. Жумладан, Хазорасп туман ҳокими Р.Жаббаров, туман газ ва электр  ташкилотлари раҳбарлари, шифокорлар ва бошқа ташкилотлар  вакиллари жалб этилди.

Муаммолар ўрганилгач, хонадон табиий газ билан таъминланди ва газ ҳисоблагич ўрнатилди, электр энергияси узатгичлари янгиланди. Ҳомийлар ёрдами билан озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда пул маблағлари билан  таъминланди. Шифокорлар томонидан Бика онанинг соғлиги тиббий кўрикдан ўтказилди ва назоратга олинди.

Бика она Мадримова, суҳбатдош:

-Моддий қийинчиликлар, уйимдаги коммунал муаммоларидан бир неча йилдан буён жуда азият чекиб келаётган эдим. Шавкатжон, Иззатбекларнинг саъй-ҳаракатлари билан бу қийинчиликлардан холос бўлдим. Инсон қадри улуғланган юртимиз омон бўлсин. Мен каби кексаларнинг ҳолидан хабар олиб, яхши яшашимиз учун имкониятлар яратиб бераётган давлатимизга ва саҳоватпеша инсонларга раҳмат. Хайрли ишларга бош бўлаётган “Адолат” СДП сайловда  ғолиб бўлиши учун дуо қиламан.

                                                                                                       Замира АБДУЛЛАЕВА,

                                                                                                         Ўзбекистон “Адолат” СДП

                                                                               Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+