Оналарнинг неча йиллик орзуси эди…

13.11.2020 15:11:00

Инсоннинг жисмонан ҳамда ақлан етук бўлиб шаклланишида  овқатланиш рационида мавжуд бўлган витаминлар, микроэлементларнинг ўрни алоҳида. Боиси биологик мавжудот бўлган инсон танаси бу каби фойдали элементларни ўзига сингдириши унинг нафақат организми, балки онг ости ривожланиши билан ҳаётдаги ўзининг муносиб ўрнини эгаллашида асосий ўрин тутади. Яқинда Президентимиз томонидан қабул қилинган “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам айнан юқоридаги муҳим кўрсатгичларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилганлигига аминман.

Дарҳақиқат, ушбу қарор қабул қилинишига эҳтиёж мамлакатимиз аҳолиси ўртасида ниҳоятда кучли. Айниқса, аёлларга нечоғли ҳаётий зарурият эканлигининг кундалик турмушимизда кўп бор гувоҳи бўлганмиз. Аёллар ўртасида  кенг тарқалган анимия (камқонлик) касаллиги натижасида айниқса, туғруқ ёшидаги аёлларнинг турли мураккаб жараёнларни бошидан кечириши, бу ўз навбатида туғилажак фарзандларнинг дунёга келишида муаммоларни келтириб чиқариши ёки носоғлом авлод юзага келишига замин яратади.

Президентимиз қабул қилган қарорда акс этган бандларда айнан шундай ҳолатларни бартараф этишга қадам қўйилганлигини англаш мумкин. Жумладан, 2022 йил 1 июлдан бошлаб хомиладор ва бола эмизувчи аёллар ҳамда 3-15 ёшдаги болалар йод препарати билан, 35 ёшгача туғиш ёшидаги аёллар темир ва фолий кислотаси препарати билан бепул таъминланиши, ўйлайманки, келгусида соғлом она ва бола муҳитини шакллантириб, соғлом турмуш тарзида ёруғ истиқболларни яратади. Йод бу  - ҳаёт учун муҳим моддаки, унинг етишаслиги оқибатида қалқонсимон без хасталиклари каби касалликлар келиб чиқиши маълум. Юртимизнинг турли минтақаларида йод моддасининг  етишмаслиги туфайли ҳам ушбу касалликлар учрамоқда. Шунга кўра, бу жиҳатнинг қарорда акс этиши оқилона ўйланган зарур режадир. Шунингдек, 6-23 ойлик болалар учун уй шароитида тайёрланган овқатларни бойитиш мақсадида микронутриент кукуни, 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болалар учун “А” витамини  билан, 2-10 ёшдаги болалар гелминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар билан 2021 йил 1 июндан бошлаб бепул таъминланиши эса шу кунгача бундай эътибор ва ғамхўрликка мухтож бўлган қанчадан-қанча аёллар ва болалар мустаҳкам соғлиги учун яратилган пойдевордир. Юртимизнинг қанчадан қанча ҳудудлари, айниқса чекка-чекка қишлоқ жойларида оналар ва болалар соғлом турмуш кечиришларига у қадар катта аҳамият қаратилмайди. Балки бунга эътиборсизлик билим ва тажриба етишмаслигидандир. Нима бўлган тақдирда ҳам бу қарор фойдали жиҳатларининг салмоғи айнан мана шундай кўринишларда намоён бўлади. Шу билан бирга, шаҳарларда ҳам туғуруқ ёшидаги аёллар ва ёш болаларнинг овқатланиш рационида сифат даражаси аксарият ҳолларда пастлиги таркибининг асосий қисми кимёвий моддалар билан тўйинтирилган ярим тайёр озиқ-овқат маҳсулотларининг истеъмол қилиниши билан ўлчанади. Шу маънода қарорнинг бугунги кун учун нақадар долзарб эканлигини ҳис қилиш мумкин.

Қайд этиш жоизки, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан аҳолини соғлом турмуш тарзига ундовчи “Соғлом турмуш тарзи” платформаси ишлаб чиқилиши соҳада амалга ошириладиган муҳим жараён бўлади. Чунки, шу пайтгача бу икки вазирликнинг аҳолини соғломлаштириш учун якдил ҳаракатлари амалга оширилмаган. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бу ишга бош-қош қўшиши соғломлашиш моделининг замонавий усулларини жорий этиш имкониятини беради.

Қарорда келтирилган ҳомиладор ва туғуруқдан кейинги даврдаги аёллар ҳамда беш ёшгача болалари мавжуд оилалар учун амалдаги штатлар доирасида алоҳида патронаж ҳамширасини бириктириш, ушбу патронаж ҳамшираси томонидан умумий ҳолати қониқарли ва хавф гуруҳидаги аҳолини аниқлаш ҳамда улар соғлигининг умумий ҳолатини дифференсиалашган ёндашув асосида кузатиб бориш кабилар аҳолининг соғлом ҳаёт кечириши учун тиббиёт соҳасида алоҳида ёндашув танланганини кўрсатади.

Назаримда ушбу қарор амалиётга кенг жорий этилиши билан соғлом жамиятни барпо этиш олдида турган кўплаб муаммоларга ечим топилади.

 

Фаррух СОБИРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

раис ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+