Онлайн конференцияда таълим тизимида кутилаётган ислоҳотлар таҳлил этилди

09.09.2020 18:09:14

 

Жорий йилнинг 9 сентябрь куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан “Учинчи Ренессанс босқичи: таълим – мамлакат келажагининг пойдевори” мавзусида онлайн конференция ўтказилди.

Унда партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Олий ва ўрта-махсус ҳамда Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари, олий таълим муассасалари ректорлари, ихтисослаштирилган ва ижод мактаблари раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган байрам тадбиридаги Президент маърузасидан келиб чиқадиган вазифаларга бағишланган тадбирда мамлакат тараққиётида таълим тизимининг ўрни, бу соҳада олдимизда турган муҳим йўналишлар муҳокама этилди.

Маърузачилар томонидан таъкидланганидек, сўнгги йилларда ҳар бир ҳудудда юқори технологиялар асосида дарс беришга асосланган Президент мактаблари, ихтисослаштирилган ва ижод мактаблари очилмоқда. Таълимнинг барча босқичида нодавлат муассасалар ташкил этилмоқда. Фарзандларимизни мактабгача таълим муассасаларига қамров даражаси сезиларли равишда ортди. Ихтисослаштирилган таянч илмий муассасалар фаолияти қайта тикланди. Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар масалалари бўйича идоралараро кенгаш ташкил этилди. Олий Мажлис палаталари ҳузурида Ёшлар парламентлари, Инновацион ривожланиш вазирлиги қошида Ёшлар академияси тузилди. Ҳудудларда “Лойиҳалар фабрикаси” иш бошлади. Ўз-ўзидан бу ишлар яқин орада ўз самарасини беради. Ушбу ишларнинг барчаси учинчи Ренессанс учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди. Мактабларда зарур шароитлар яратилса, билим олишда ўзбек боласидек меҳнаткаш ва сабрлиси жаҳоннинг ҳеч ерида йўқ. Уйғониш даври барибир бўлади, ўшанда янги Улуғбеклар дунёга келади. Эртага ушбу фундаментал илмлар натижа кўрсатиши эътироф этилди.

Сўзга чиққан партия фаоллари таълимга муносабатни бу тарзда шиддат билан ўзгараётгани халқимиз билан бир қаторда “Адолат” СДП вакилларини ҳам қувонтираётганини қайд этишди. Сабаби партиямиз ташкил топганидан буён таълим, илм-фан масаласини энг асосий йўналиш сифатида белгилаб олган ва ҳамиша дастурларида шу йўналишлар устуворлик касб этган. Жумладан, амалдаги сайловолди дастурида ҳам ёшларни олий таълим муассасаларига кенгроқ жалб қилиш мақсадида чекловларни йўқ қилиш, олий таълим тизимини қайта кўриб чиқиш, ОТМларининг ўзини ўзи молиялаштириши, квоталардан воз кечиш, ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялаш, уларда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш мақсадида мактабларда “Тарбия”, “Инсон ҳуқуқлари” фанларини киритиш, каби бир қатор устувор вазифаларни белгилаган эди.

Бугунга келиб, янги ўқув йилидан бошлаб мактабларда “Тарбия” фанининг киритилиши, ёшларимиз, айниқса, қизларимиз учун давлат гранти асосида алоҳида 970 дан ортиқ ўринларнинг ажратилиши партиянинг ўз электорати олдидаги ваъдаларига содиқлиги исботи бўлди.

Шунингдек, партия томонидан пандемия пайтида ОТМларда тўлов-контракт мажбуриятларини енгиллаштириш, таълим кредитларида имтиёзлар бериш (фоизсиз таълим кредитлари) таклифлари илгари сурилди. Бу кенг жамоатчилик томонидан маъқулланди. 2020-2021 ўқув йили учун кундузги шаклда ўқийдиган барча талабаларга 10 фоиз чегирма берилганлиги аҳолининг турли қатламларига эътибор берилаётганини амалий ифодасидир.

Бундан ташқари, магистратура босқичи имтиҳонларини қайта кўриб чиқиш, сиртқи ва кундузги таълим йўналишларига замон талабидан келиб чиқиб янги меъёрлар ўрнатиш ғоялари тарғиб қилиниб, ҳукуматга таклифлар киритилди.

2019 йилда магистратура мутахассислиги учун умумий квотанинг 53 фоизи давлат гранти асосида ташкил этилди, 2018 йилда бу кўрсаткич 20 фоизни ташкил этган. Бу йилги пандемия ва унинг иқтисодиётга бўлган салбий таъсири ҳамда аҳоли аксар қисми даромадлари камайганлигини ҳисобга олган ҳолда партия магистратура мутахассислиги учун ажратилган квотанинг 75-80 фоизи давлат гранти асосида қабул қилиниши керак, дея ўз нуқтаи назарини билдирди.

Тадбирда сўзга чиққан партия фаоллари ва таълим соҳаси мутахассислари бу долзарб давр, залворли қадамлар Ўзбекистон “Адолат” СДПдан ҳам ўзига хос масъулият, меҳнат ва ташаббусларни талаб этишини эътироф этдилар. Илм-маърифат ривожига ҳисса қўшиш, ёш авлодни Ватан тараққиёти сари йўналтириш, сиёсий онгни мустаҳкамлаш йўлида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш ҳозирда ҳар қачонгидан ҳам зарурдир. Партия бу йўлда парламент ва маҳаллий кенгашга сайланган депутатларимиз, фаолларимиз, хайрихоҳларимиз ва кенг жамоатчиликка суянади. Шу боисдан, кейинги 10 йиллигимиз асл юксалиш ва тараққиёт даври бўлиши муқаррар. Зеро охирги йилларда қабул қилинган ва қонунлар, фармон ва қарорлар, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тараққиётнинг янги уфқларига асос бўлади.

Шунингдек, йиғилишда, масофавий таълимнинг аҳамияти, хавфсиз ўқиш жараёнларини ташкиллаштириш масалалари, замонавий таълим тизимини қўллаб-қувватлашда партиянинг устувор вазифалари муҳокама этилди.

Муҳокамалар жараёнида партия таълим соҳасига оид ташаббуслари кўламини янада кенгайтириш чора-тадбирлари белгиланди. Ушбу соҳа мутахассислари томонидан ўртага ташланган таклифлар таҳлил этилиб, тегишли вазифалар белгилаб олинди.

«Адолат» СДП Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+