Ўқитувчи – миллат бунёдкори

15.10.2020 15:10:14

“Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши томонидан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқидан келиб чиқиб белгилаб олинган вазифаларга бағишланган онлайн-семинар бўлиб ўтди.

Унда партиянинг туман ва шаҳар Кенгашлари раислари, депутатлар, ҳудудий таълим муассасалари педагог ходимлари, партиянинг фаол аъзолари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Семинарда сўзга чиққанлар нутқда кўтарилган таклифлар, илгари сурилган буюк ғоялар аҳамияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Давлатимиз раҳбарининг нутқи мамлакатимиз аҳолиси томонидан қизғин қўллаб-қувватланмоқда. Айнан нутқда белгиланган вазифалар таълим-тарбияни эндиликда бутунлай янги даражага кўтаришга хизмат қилади.

Таъкидланганидек, ўқитувчиларнинг ҳаётимиздаги нуфузи ва мавқеини ошириш, ўқитувчиларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлиги, уларнинг касбий фаолиятига ноқонуний аралашув, бошқа ишларга жалб қилиш жавобгарликка сабаб бўлишини қатъий белгилаш лозим.

Айтиш керакки, мамлакатимизда бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотлар Ўзбекистоннинг янги қиёфасини, Учинчи Ренессанс пойдеворининг аниқ моделини яратиб берди. Учинчи Ренессанс ғоясидан кўзланаётган энг катта мақсад — тарихан мавжуд буюк салоҳиятни қайта уйғотишдир. Бу борада тарбиячи, ўқитувчи, зиёлиларимиз ҳамда ота-оналар янги Уйғониш даврининг таянч устуни бўлиши керак.

Айни пайтда педагогларимиз олдида ҳам янги чақирувлар, онлайн таълим-тарбия, ўқувчиларнинг зиммасида ахборот асрида тез ўзгараётган руҳиятига мос келадиган илғор кўникмаларни эгаллаш билан боғлиқ долзарб вазифалар тургани сезилмоқда.

Йиғилишда эътироф этилганидек, мамлакатимизда ижтимоий тенгликни таъминлаш, ҳудудлардаги ёшлар салоҳияти ва қобилиятини юзага чиқариш долзарб аҳамиятга эга масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Таълим бериш, касб-ҳунар ўргатиш ишлари ўзаро уйғун равишда самарали олиб борилиши ишсизликни камайтириш, ўзини ўзи банд этиш имкониятларини ошириш, камбағалликка қарши курашишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Бу партиямиз учун принципиал масаладир.

Бу эса “Адолат” СДП барча даражадаги депутатларининг куч ва имкониятларини таълим тизимидаги туб ўзгаришларни рўёбга чиқариш жараёнида фаол қатнашишга сафарбар этади.

Хуршида Аширматова, Халқ депутатлари Паркент тумани Кенгаши депутати, тумандаги 7-мактаб ўқитувчиси:

-Педагогларнинг бу йилги байрами муҳим ўзгаришлар, қувонарли янгиликлар билан нишонланаётганидан қувондик. Биринчи навбатда ўқитувчилик касбининг мақоми жойига қўйилиб, бу борада ҳуқуқий асослар мустаҳкамланмоқда.

Байрам арафасидаги муҳим янгилик парламент қабул қилган янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг Президент томонидан имзолангани бўлди, деб ўйлайман. Мазкур қонун ҳар томонлама кенг қамровли, мамлакатимиздаги таълим-тарбия жараёнлари янги поғонага кўтарилишига асос бўлади.

Хусусан, унда педагог ходимларнинг касбий шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимоясида экани, уларнинг касбий фаолиятига аралашилиши, хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилинишига йўл қўйилмаслиги белгиланди.

Бу қонун ўқитувчиларни ўйлантириб, қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш мақсадида қонун лойиҳасини такомиллаштириш учун 230 дан ортиқ меъёрга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Самарасиз ва эскирган меъёрлар чиқариб ташланди. Энг асосийси, уларнинг ўрнига 50 дан ортиқ янги, тўғридан-тўғри амал қилувчи меъёрлар белгиланди. Ана шу рақамлар ҳам таълим-тарбия масаласи, педагоглар меҳнати жамиятимиз келажагида қанчалик аҳамиятга эга эканини кўрсатади.

Жонли мулоқот ва савол-жавобларга бой бўлган анжуман сўнгида иштирокчиларга кун тартибидаги масалалар юзасидан чора-тадбирлар режаси қабул қилинди ва  тегишли кўрсатмалар берилди.

 

Фотима САТТАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+