Орзуларни ушалтирувчи ҳужжат

21.05.2020 15:05:17

Узоқ йиллар фуқароларимизнинг конституцион ҳуқуқларини поймол этиб келган, энг ақлли ва истеъдодли ёшларимизни мамлакатни тарк этишларига сабаб бўлган ҳамда Тошкентга меҳнат қилиш ёки бошқа сабаблар билан яшаш учун келган юз минглаб юртдошларимиз оёғига кишан бўлиб, улар умрини “паспорт столда” сарсон қилган прописка тизимидан энди воз кечилади.

Шу йил 22 апрель куни Президентимиз муҳим тарихий ҳужжатга имзо чекди. “Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда прописка тизимидаги ортиқча муаммоларнинг ечими ўз ифодасини топган. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, “доимий прописка қилиш” ва “турган жойи бўйича ҳисобга олиш” тушунчалари “доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш” ва “вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш” тушунчаларига ўзгартирилади. Шу билан бирга фуқароларга биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларини ўзи доимий яшаш жойи бўйича рўйхатда бўлган манзил билан бир қаторда эгалигида бўлган уй-жойга ҳам доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқи берилади.

Аҳамиятли томони шундаки, ушбу фармон билан доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш учун эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ҳамда бир йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда доимий яшаш жойи бўйича прописка йўқотилиши ҳақидаги қоидалар чиқариб ташланади. Хусусан, илгари Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий рўйхатга эга бўлган фуқаролар қайтиб келганда, улар ушбу ҳудудларда ҳеч қандай қўшимча шартларсиз қайта доимий рўйхатга олиниши мумкин бўлади.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган давлат органлари ва ташкилотларида 5 йил муддат мобайнида узлуксиз меҳнат фаолиятини юритаётган мутахассислар мазкур ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинади. Яна бир муҳим янгилик – 2020 йил 1 апрелдан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги талаб қилинмайди.

Хулоса шуки, мазкур фармон билан прописка тизимининг ислоҳ этилиши республикамизнинг қайси ҳудудида бўлмасин, ҳар бир фуқаро прописка олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу эса фуқароларимизнинг Конституцияда белгиланган эркинлик ва тенглик билан боғлиқ узвий ҳуқуқларни янада кафолатлаш имконини беради. Қувонарлиси, партиямизнинг сайловолди дастурида илгари сурилган  “Пропискадан ўтиш” тизимига янгича ёндошиш, фуқароларимизнинг ўз хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, доимий яшаш жойини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъминловчи ҳуқуқий асосни босқичма-босқич такомиллаштириб бориш масаласи ҳаётга татбиқ этилди.

Мухтасар айтганда, фуқаролар манфаатларини кўзлаган ушбу ҳужжат  халқимизнинг буюк орзулари  ушалишида хизмат қилади.

Улуғбек ҚУРЯЗОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Хоразм вилоят кенгаши раис ўринбосари, вилоят

Кенгаши  депутатлик гуруҳи раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+