Ота-она - оила ҳуқуқшуноси

26.02.2020 16:02:52

Ёшлар тарбияси - ҳамма вақт долзарб вазифа. Бу масалага бефарқ қарашга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Айниқса, бу борада ота-онанинг масъулияти катта. Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилояти Кенгаши ташаббуси билан “Сиёсий ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш-демократик жамият пойдевори” лойиҳаси доирасида ташкил этилган “Оилада ҳуқуқий маданият ва ёшлар тарбияси” мавзусидаги давра суҳбатида айни шу тўғрида сўз юритилди.

-Фарзанд тарбиясида оилада ҳуқуқий маданиятни юксалтириш катта аҳамиятга эга,-деди халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши депутати Ўткирбек Арзиқулов,- Бунинг учун биринчи навбатда ота-онанинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш зарур. Негаки ота-она - оила ҳуқуқшунси. Бу айни вақтда қонунбузилиш ҳолатларининг ҳам олдини олади. Бола оилада кўрганлари, ўрганганларини энг тўғри йўл деб билади.

Таъкидланганидек, ҳар бир ёш ҳуқуқий онги ва тафаккуридан келиб чиқиб, ўз ҳуқуқлари билан бирга мажбуриятларини ҳам яхши билиши, уни тўғри қўллай олиши, энг муҳими, шахсий фикрини аниқ баён этиш имкониятига эга бўлиши лозим. Бунинг учун ҳуқуқий тарбияни оиладан бошлаш мақсадга мувофиқдир. Бу уларни турли ёт ғоялар таъсиридан ҳимоялашда ҳам муҳим восита бўлиб хизмат қилади.

Вояга етмаганларнинг бўш вақтларини самарали тадбирлар билан банд қилиш жиноятчиликка қарши курашишнинг таъсирчан усули экани,  ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш давлат ва нодавлат ташкилотларининг устувор вазифаси эканлиги эътироф этилди. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари фарзанд тарбиясида ота-онанинг масъулияти юзасидан иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб бердилар. Жамоатчилик асосида ишловчи “Оила ҳуқуқшуноси” фаолиятини йўлга қўйиш бўйича таклифлар билдирилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон

                                                         вилояти Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+