Отчопарликлар ўз депутатини нега маҳаллага чақирдилар?

22.12.2020 16:12:36

 

“Отчопар” маҳалласи Андижон туманидаги адирликлар бағрида жойлашган. Аҳоли асосан деҳқончилик билан шуғулланади. Зиёлилари ҳам кам эмас. Демократик жамият тушунчаси, ўзини ўзи бошқариш тизими ва қонунчилигимиздаги ўзгартишлар уларни бефарқ қолдирмаяпти.

Кейинги вақтда МФЙ раисининг тез тез алмашуви, ҳудуддаги айрим муаммолар сабаб фуқароларда  бугунги маҳалла етакчиси қандай бўлиши керак, деган савол туғилди.  Айни шу масалада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлудахон Адҳамжоновани маҳаллага чақирдилар. Дастлаб вакиллар олдида МФЙ фаолларининг фаолияти сарҳисоб қилинди. Амалга оширилган ишлар билан бир қаторда мавжуд муаммолар, табиий газ таъминотидаги узилишлар, ички йўлларни таъмирлаш зарурлиги  кўрсатиб ўтилди. Муаммоларнинг ечимини топиш учун МФЙ раиси ташкилотчи, ташаббускор ва етакчи бўлиши лозимлиги айтилди.

Мавлудахон АДҲАМЖОНОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

-Чиндан ҳам бугун маҳалла раисининг зиммасидаги масъулият ортиб бормоқда. Шу сабаб сайловлар олдида номзодлар олдига қатор талаблар қўйилмоқда. Отчопарликлар билан бугунги учрашувда айни шу хусусида суҳбатлашдик. Амалдаги қонунчилик, жумладан ўзини ўзи бошқариш органлари раислигига  ўтказиладиган сайловлар хусусида тушунча берилди. Маҳалла аҳолиси ўз етакчиларининг фаолиятини баҳолаш учун холис институт сифатида биз депутатларни чақирганидан хурсандмиз. Бу депутат ва сайловчи ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатади.

Депутатнинг сайловчилар билан учрашувини сиёсий ўқув деб аташ мумкин. Чунки учрашув давомида отчопарликлар ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий мавзудаги саволлларга жавоб олдилар. Ўз навбатида депутатнинг сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижросига ҳам эътибор қаратилди.

                            Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+