ОТМга кириш осон, ўқиш қийин бўлса...

24.09.2020 19:09:33

Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши томонидан Жиззах давлат педагогика институтида олий таълим муассасаларида ўқишга қабул қилиш квоталарини босқичма-босқич бекор қилиш, тўлов контракт пуллари миқдорини қайта кўриб чиқиш масалаларига бағишланган “Таълимга эътибор - фаровон келажак инвестицияси” мавзусида  тадбир ташкил этилди.

Тадбирда партиянинг вилоят Кенгаши ходимлари, Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутатлари, олий таълим муассасаларининг педагог ўқитувчилари, партия фаоллари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Республика олий таълим муассасаларида ўқув жараёнларини такомиллаштириш, ёшларга замонавий талаблар асосида таълим бериш бугунги куннинг асосий масалаларидан биридир. Бу борада олий таълим муассасаларига кириш тест синовларини адолатли, холис ва шаффоф ўтказиш орқали пухта билимли ёшларнинг ўқишга қабул қилинишини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур тадбирда иштирокчилар томонидан олий таълим муассасаларига киришдаги муаммолар, олий таълим муассасаларига киришни осонлаштириш, олий маълумотлилар сафини кенгайтириш муҳимлиги, хорижий давлатлардаги сифати кафолатланмаган муассасаларга ёшларимиз оқимининг ортаётгани, мутахассисликка бевосита алоқаси йўқ, профессионал фаолиятда деярли керак бўлмайдиган фанлар сонини қисқартириш лозимлиги юзасидан кўплаб фикрлар билдирилди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Сайловолди дастурида ҳам абитуриентлар сони ва қабул квоталари ўртасидаги тафовутнинг катталиги, тўлов-шартнома пули юкини енгиллаштириш, коррупциянинг олдини олиш мақсадида олий таълим муассасаларига қабул квотасини аста-секин бекор қилиш, таълим муассасаларининг ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтиш, талабаларга етарли шарт-шароит яратиш каби кўплаб масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.

Таъкидланганидек, мазкур масалаларнинг ечими фақат қулайликка хизмат қилиш билан чекланмайди. Энди ёшлар талаба бўлгунга қадар эмас, олий маълумот олишгача бўлган вақтда ҳам пухта билим олишга интилади. Ўқишга кириш эмас, ўқиш – олий таълим даргоҳларида босқичдан босқичга ўтиш ва битириш мураккаблаштирилади.

Шунингдек, иштирокчилар томонидан мамлакатимизда ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда масофавий таълим тизими йўлга қўйиш орқали аҳолини олий таълимга қамров даражасини ошириш мумкинлигини айтиб ўтилди.

Давра суҳбати якунида тадбир қатнашчилари томонидан берилган саволларга партия фаоллари томонидан атрофлича маълумотлар берилди.

Ўктам ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

ижрочи котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+