ОТМлар ўзини ўзи молиялаштирсин! Бунинг иложи бор!

18.10.2019 10:10:55

Ўзбекистон “Адолат” СДП жорий йил бўлиб ўтадиган сайловларга пухта тайёргарлик кўрмоқда. Сайловларда партиянинг ташриф қоғозига айланувчи сайловолди дастури халқимиз орасида кенг муҳокама қилинмоқда ва кўплаб таклифлар йиғиб олинмоқда.

Жорий йилнинг 17 октябрь куни И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкентдаги филиалида “Олий таълим муассасаларининг босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштиришга ўтиши тажрибаси” мавзусидаги давра суҳбатида шу масала ҳақида атрофлича фикр юритилди. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, профессор ўқитувчилар, талабалар, партия фаоллари, экспертлар, кенг жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда олий таълим муассасаларига киришдаги муаммолар, абитуриентлар сони ва қабул квоталари ўртасидаги тафовутнинг катталиги, хорижий давлатлардаги сифати кафолатланмаган муассасаларга ёшларимиз оқимининг ортаётгани, таълим муассасаларининг ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтиши каби кўплаб фикрлар билдирилди.

Мазкур масалаларни эътиборга олган ҳолда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси экспертлари томонидан тайёрланаётган сайловолди дастурига олий таълим муассасаларига киришни осонлаштириш, олий маълумотлилар сафини кенгайтириш, коррупцияни олдини мақсадида олий таълим муассасаларига қабул квотасини бекор қилиш таклифи киритилмоқда.

Жумладан, жорий йилда олий таълим муассасаларига 1 миллион 66 минг 925 нафар абитуриент ҳужжат топширди. Шундан 102 минг 400 нафари ўқишга қабул қилинди. Бу эса талабаликка фақатгина 9.6% абитуриент қабул қилинганини кўрсатмоқда.

Таъкидланганидек, ушбу ташаббус моҳияти фақат қулайликка хизмат қилиш билан чекланмайди. Энди ёшлар талаба бўлгунга қадар эмас, олий маълумот олишгача бўлган вақтда ҳам пухта билим олишга интилади. Ўқишга кириш эмас, ўқиш – олий таълим даргоҳларида босқичдан босқичга ўтиш ва битириш мураккаблаштирилади.

Ҳозирги кунда инсонлар орасида олий таълим олишга иштиёқ юқори. Буни катта ёшлилар ҳам ўқишга ҳужжат топшираётганидан билиш мумкин. Шундай экан, халқ истагини инобатга олиш даркор. Имтиҳонда етарли балл тўплолмаган абитуриентларга шартнома асосида ўқиш имкониятини беришни таклиф қиламиз. Яъни, давлат бюджети асосида ўқишга киролмаган барча абитуриентлар шартнома тўловини тўлаш орқали талаба бўлишларига йўл бериш керак.

Бизда ўқишга киришда квота озлиги, тест саволларининг айримлари мураккаблиги ва чалкашлиги боис бир гуруҳ ёшларимиз хорижий давлатларда таълим олишни маъқул кўрмоқдалар. Бундан ташқари, ўқишга киришнинг қинғир йўлларини излаш оқибатида коррупция авж олмоқда. Шуни инобатга олиб, ўз дастурида таълим соҳасини устувор деб билаган “Адолат” СДП олий таълим қабулидаги квотани йўқотиш тарафдори.

Тадбирда қайд этилганидек, ушбу ислоҳотлар жорий йил 9 октябрь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида ҳам ўз аксини топди.

Жумладан, олий таълим муассасаларининг инфратузилмаси ва моддий-техник базасини, шу жумладан, халқаро молия институтларининг имтиёзли маблағларини кенг жалб қилиш ҳисобига яхшилаш, уларни босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш кўзда тутилган.

Шунингдек, экспертлар томонидан мамлакатимизда ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда масофавий таълим тизими йўлга қўйиш орқали аҳолини олий таълимга қамров даражасини ошириш мумкинлигини таъкидланди.

Давра суҳбати якунида билдирилган таклифлар партия экспертлар гуруҳи аъзолари томонидан кўриб чиқилиши ва сайловолди дастуридан ўрин олиши таъкидланди.

 

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

Улашинг!