Ўз келажагини яратган бунёдкор халқ

05.09.2019 16:09:37

Ватанимиз мустақиллик остонасига қадам қўйиши билан жаҳон харитасида Ўзбекистон деган мамлакат пайдо бўлди. У барқарор суверен демократик давлат мақомига эга бўлгани ҳолда ўз байроғи, герби, мадҳияси, Конституциясини яратди. Шу орқали бутун дунёга мустақил давлат эканлигини намойиш эта олди. Дастлаб дунё аҳли Ўзбекистон деган юртни тез илғай олмаган бўлса-да, кейинчалик қисқа муддатда дунё давлатлари Ўзбекистонни тан олди.  Аста-секин тарихий ҳақиқат тикланиб, ўзбек деган халқнинг тарихи неча минг йиллик асрга бориб тақалишини дунё халқлари унинг маданияти, санъати, илм-у закоси билан танишгач, жуда яхши тушундилар. Самарқанд, Бухоро, Хива каби кўхна шаҳарларимизни, дунё тамаддунида уларнинг муносиб ўрин тутганлигини, дунё илм-фан ривожига ҳисса қўшган буюк аждодларимизни тўла ишонч билан эътироф этдилар.

Бугун Мустақиллигимизнинг 28 йиллик босиб ўтган йўлида ортга назар ташлайдиган бўлсак, мамлакатимиз қиёфаси тубдан ўзгарганлигини кўрамиз. Давлатимиз ўз мақсади йўлидан оғишмай, улкан марралар сари дадил қадам босиб бормоқда. Юртимиз улкан ислоҳотлар, янгиланишлар, ривожланишлардан янада яшариб, чирой касб этиб бормоқда. Ҳар бир маскан, гўшалар, чекка-чекка қишлоқ жойлар ҳам бу ўзгаришлар-у бунёдкорликлардан четда қолиб кетмаяпти. Халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш давлатимиз олиб бораётган сиёсатнинг асосий йўналишларидан бири ҳисоблангани ҳолда барча жойларни обод гўшага айлантириш учун улкан қурилишлар, йирик-йирик лойиҳалар амалиётга татбиқ этилмоқда. Айниқса, охирги даврда бу амалий ишларнинг салмоғи янада ортди. Хусусан, бизнинг Сирдарё вилоятида ҳам улкан ўзгаришлар, янгиланишлар мавсуми бошланган. Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёевнинг вилоятимизга ташрифлари чоғида ҳудудни ривожлантириш бўйича берилган топшириқлари асосида бугунги кунда Сирдарё вилояти қиёфаси янгича мазмун касб этиб бормоқда. Айниқса, Ховос туманида олиб борилаётган бунёдкорлик ишларининг салмоғини ҳеч бир нарса билан қиёс этиб бўлмайди. Яқин келажакда тубдан ривожлантирилиши режага киритилган вилоятимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самарасининг хозирданоқ юқорига бўй чўзганлигини пайқаш қийин эмас.

Буларнинг барчаси мустақиллигимиз шарофати. Унинг бизга тортиқ қилган бебаҳо неъмати. Унинг қадрига етиш, мустаҳкамлиги учун ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиш ҳар бир юрт фуқароси олдида турган муқаддас бурч ва вазифадир!   

 

Лола ЖЎРАЕВА,

Гулистон шаҳридаги

 5-мактаб ўқитувчиси,

партия фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+