Ўз ўзимизни ҳимояга олиш касаллик занжирини узади

28.07.2020 17:07:18

Бугун коронавирус аталмиш офат кириб бормаган давлат деярли қолмади. Ҳажми зарранинг заррасича келадиган бу кўзга кўринмас вирус бутун дунёни қалқитиб  юборди.

Касалликка қарши курашиш, унинг кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида давлатимиз томонидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, қатъий карантин қоидалари жорий қилинган. Аҳолидан имкон қадар кўчага чиқмаслик, айниқса, кексаларни кўпроқ авайлаш сўралмоқда.

Ушбу синовни, табиийки кишилар турлича қабул қилмоқда. Кимдир унинг жиддийлигини ҳис қилган ҳолда, каратинга риоя қилиб, сабр билан уйида ўтирибди. Яна кимларнидир бепарво кўча кезаётгани, кимлардир кафеларда бемалол суҳбатдошлар даврасида ўтиргани кишини таажжубга солади.

Тарихдан маълумки, буюк табиб Ибн Сино ҳам шу каби ҳолатлар, яъни эпидемия вақтида биринчи чора сифатида одамларни уйида қолишга, жамоат жойларда йиғилмаслик, бозор ва масжидларни вақтинча ёпиш, мулоқотлардан тийилишга чақирган. Бу тавсиялар бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган. Шундай экан, мамлакатимизда қалқиб турган муаммоли вазиятни чигаллашишига ўзимиз сабабчи бўлаётганимизни тан олиш ва мулоҳаза қилиш зарур.

Халқимиз учун синовли ва масъулиятли кунлар давом этаётган бир пайтда олдинги сафда фақат ўз соҳасининг фидойиларини кўриш мумкин. Пандемия, асосан, шифокор ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилот ходимлари зиммасига инсон саломатлигини хавф-хатардан асраш, ҳаётини сақлаб қолишдек шарафли вазифани юклади.

Бемор билан дастлаб “тез ёрдам” шифокори тўқнаш келади. Уни касалхонага олиб бориб, то касаллик аниқлангунга қадар “тез ёрдам” шифокори унинг ёнида бўлади. Шунга қарамай шифокорлар бир зум тиним билмай ишлаётганини ҳамиша ёдда тутишимиз зарур.

Инсон шахси олий қадрият, унинг саломатлиги ҳамма нарсадан устун қўйилган мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳолини бу офат чангалидан эсон-омон олиб чиқиш учун зарур чоралар кўриляпти. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан иқтисодиёт тармоқлари, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, аҳоли ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга Давлат бюджетидан катта маблағлар йўналтириляпти.

Ҳа, карантин одамларни бир мақсад сари бирлаштирганининг гувохи бўлдик. Президентимиз таъкидлаганидек, шу синовли дамларда ҳар бир ўзбекистонлик, ҳар бир идора, жамоатчилик вакиллари бир мушт бўлиб ҳаракат қилишимиз керак. Эпидемиологик ҳолатнинг яхши томонга ўзгариши фақат ўзимизга, тиббий маданиятимизга боғлиқ. Соғлом турмуш тарзига ҳамда белгиланган карантин талабларига қатъий амал қилсак, албатта, ушбу офатни енгиб, ундан беталафот ўтамиз. Зотан, юксак тиббий маданият саломатликнинг мустаҳкам қалқонидир. Чиндан ҳам, соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари бу касаллик шахсий гигиенага риоя этмаслик, инсонларнинг ўзаро мулоқоти орқали юқиши ҳақида огоҳлантириб, инфекция занжирини ижтимоий яккаланиш орқали узишга чақирмоқда.

Пандемия туфайли қурилиши бошланган янги касалхона биноларида ишчиларнинг кечаю кундуз тиним билмай уйи, оиласидан йироқда яшаб ишлаётгани ҳам халқ саломатлигини ҳимоя қилиш йўлидаги фидойилик намунасидир. Меҳр-шафқат халқимизга хос фазилат. Тан олиш керак, карантин ҳолати ҳамма учун том маънода синов бўлмоқда. Шундай пайтда халқнинг бирлашгани, кўнгилли, жонкуярларнинг кўпайгани таҳсинга сазовор. Куни кеча давлатимиз раҳбарияти томонидан кўнгилли шифокорларимиз, ҳамширалар ва туну кун хизмат қилаётган бошқа соҳа жонкуярларини шарафли хизматини инобатга олиб давлат мукофотлари билан тақдирланиши бизни янада қувонтирди. Соҳа мутахассисларининг айни кундаги хизмати, жонбозликлари мукофотларга, юксак эътирофларга лойиқдир.

Карантин даври инсон учун бир зум тин олиш, атрофига теранроқ назар ташлаш, оила даврасида кўпроқ бўлиш, фарзандларимизга кўпроқ вақт ажратиб, яқинларимизга эътиборлироқ бўлиш, китоб ўқиш, бир-биримиздан телефон орқали хабар олиш имконини берди. Касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун, энг аввало, ўзимиз масъулмиз. Синовли кунлар барчамизни сабрли бўлишга, уйда ўзимизни иҳоталаган ҳолда, касалликнинг кенг тарқалиб кетмаслигига сабабчилардан бўлиб қолмасликка чорлайди.

Шуни унутмаслик керакки, касаллик юқтирганларнинг сони камайишини истасак, улар орасида оиламиз ва яқинларимиз бўлишини хоҳламасак гигиена қонун-қоидаларига қатъий амал қилиб, ўз ўзимизни ҳимояга олишимиз касаллик занжирини узади. Унутманг: вирусни биз тарқатмасак, у ўз-ўзича тарқай олмайди.

Ҳадемай бу кунлар ортда қолиб, тарих саҳифасидан жой олади. Лекин халқимизнинг кўринмас ёвни енгиш учун бирлашгани, саховати, меҳр-муруввати, матонати ёдимизда сақланиб қолади.

Рустам ҲАМРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+