Ўзбек аёли қиёфасини ўз қаричингиз билан ўлчаманг!

09.10.2019 20:10:19

Ҳуқуқий томондан қаралганда, кийиниш ҳар кимнинг шахсий иши бўлиб, рўмол ўраш виждон эркинлиги билан ҳам бевосита алоқадор. Айримлар мазкур тақиқни “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасида кўрсатилган “ибодат кийими”га боғлашади. Аммо қонуний ҳужжатларнинг бирортасида бу кийимга изоҳ ва таъриф берилмаган. Аслида эса рўмол ўраш миллий-диний кийим, ибодат кийими эмас. Зеро, Исломда “ибодат кийими” деган тушунча ўзи умуман йўқ. Бу қараш христиан динида мавжуд бўлиб, улар жорий қилган қонунларни тўғридан-тўғри таржима қилиш сабабли мусулмон мамлакатларида мазкур тушунмовчилик келиб чиққан. Агар масалани атрофлича ўрганилганда эди, бу муаммо пайдо бўлмасди. Замонавий қонунчиликнинг ватани бўлган Ғарб давлатларида ва қонун устувор бўлган бошқа демократик давлатларда, юқорида эслаганимиздек, рўмол, ҳатто ниқоб ҳам тақиқланмагани фикримизни қувватлайди. Бизда ҳам бир неча йил олдин Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари қўмитаси тарафидан рўмол ибодат либоси эмаслиги ҳақидаги хулоса эълон қилинган эди. Аммо бу ҳужжат негадир назардан тушиб қолди.

Масаланинг икки томони бўлганидек, фикримча, ҳамма нарсада ҳам меъёр ва мезон бўлиши керак.

Дарҳақиқат, Президентимизнинг юксак минбардан, нуфузли тадбирда онага, бошидаги рўмоли ярашиб турган аёлга ўз эҳтиромларини билдирдилар.           

Таъбир жоиз бўлса, шу ўринда Франция Президенти Эмманюэль Макроннинг Францияда паранжи ва ҳижоб кийиб юришни таъқиқлаш ҳақидаги қарори Европада қабул қилинган ва мусулмон аҳолининг маданий ва маънавий қадриятларини камситадиган қатор ҳужжатларнинг навбатдагиси эканлигини келтирмоқчи эдим.

Яна бир мисол. Туркиядаги ҳолат бўйича Иберкаха Фонди (Fundation Iberkaja) директори Майте Сириса (Mayte Cirica), ўзининг "Паранжи остида" деб номланган мақоласида "Туркияда олий ўқув юртларида ҳижоб кийиб юриш таъқиқланган эди, лекин таъқиқ бекор қилингандан кейин аввал ҳижоб киймаган қизлар ҳижоб кийишга қаттиқ мажбурлана бошлашди" деб ёзади.

Шу ўринда мени бир нарса Ўзбекистон фуқароси ва аёл сифатида ўйлантириб, таҳликага солаяпти. Ҳозир рўмол ва бошқа кўринишларга эътироз билдираётган шахслар, Юртбошининг бу муносабатларидан сўнг, тезкорликда “ниқоб” алмаштириб,  боши яланг хотин-қизларимизга рўмол ўратиш кампанияси урчиб кетмасмикан?! Шу кабиларга эътибор, ваколатлар, имтиёзу имкониятлар кучайиб, бошида рўмоли бўлмаса- ю, элим-юртим деб давлат ва жамият ривожига тинмай меҳнат қилаётган хотин-қизлар назардан  четда қолмасмикан?!

Дарвоқе, куни кеча маҳалладаги таъзияга чиқиб кетаётган рус қўшним Анна холага, жугут қўшним Галя холага бошига рўмол ташлаб олишини эслатишнинг зарурияти ҳам  бўлмади.

Аёлликнинг “ўлчов бирлиги”га эътирозим борлигига яна бир сабаб, менимча, олдимизда ҳали ўз ечимини кутаётган долзарб масалалар, залворли вазифа ва режалар бор. Мақсад – Ўзбекистоннинг асл салоҳиятини дунё ҳамжамиятига танитиш, тан олдириш ва муқим, мустаҳкам ўринга эга бўлиш. Бу йўлда чалғимаслигимиз, адашмаслигимиз, ўзлигимизни йўқотмаслигимиз зарур.

Гулруҳ АГЗАМОВА,

Ўзбекистон “Адолат”СДП

Сиёсий Кенгаши бўлим мудири,

Халқ депутатлари Бектемир туман

Кенгаши депутати

 

Улашинг!