Ўзбек аёли тимсоли

02.10.2019 14:10:56

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда янграётган Фарғона вилоят ҳокими ва у билан боғлиқ воқеалар кўплаб бахс-мунозараларга сабаб бўлаётгани кўпчилигимизга сир эмас. Ноўрин айтилган гаплар албатта, халқ томонидан кескин танқид қилинди. Буни ушбу воқеа жойлаштирилган ижтимоий тармоқларда қолдирилаётган изоҳлардан ҳам пайқаш қийин эмас.

Куни кеча бўлиб ўтган йиғилишда Президентимиз Шавкат Мирзиёев рўмол ўраш ўзбек аёлининг юзи эканлигини таъкидлаб, “Ўзбекистонда рўмол ўрашга ҳеч ким ҳеч қачон қарши бўлмайди”, дедилар.

Дарҳақиқат, халқимиз тарихига назар соладиган бўлсак, бизнинг асл қиёфамиз аёлларнинг рўмол ўрашлари билан белгили эканлигини ҳис этамиз. Асл ўзбек аёли рўмол ўраши билан бошқа миллат вакилларидан ажралиб туради. Бу бизнинг ўзбекона қадриятларимизнинг рамзи. Шундай экан, ўзбек аёлининг рўмол ўрашига қаршилик қилиш жоҳилликдан бошқа нарса эмас. Ўз миллатини унутган, қадриятларини ҳурмат қилмаган инсонгина шундай калтабинликка бориши, табиий.

Азал-азалдан момоларимиз бошларига дурра, рўмоллар тақиб ўзининг ўзбекона ҳаёси ва иффатини ифодалаб келган. Рўмол ўраш ўзбек аёлларига хос эканлигини ҳеч биримиз инкор этолмаймиз. Рўмол ўраган аёлларимиз, гар эътибор берсангиз юзларида нур балқиганлигини, самимийлик уфуриб турганлигини кўрамиз. Рўмол ўраш ўзбек аёлига қанчалар ярашади. Бироқ бугунги шиддат билан бораётган замонамизда рўмол ўрамоқни баъзилар нотўғри талқин этиб, бунга эскилик сарқити ёки диний ақидапарастлик деб қарашмоқда. Ундай кимсалар ўз оналарининг рўмол ўрашларини, аждодлардан мерос бўлиб келаётган миллийлигимизни унутиб қўйдилар, чоғи. Бундай инсонларга қарата айтган бўлардимки, “Нега биз рўмоллардан воз кечишимиз  керак? Бизнинг оналаримиз бошларида рўмол ўраб фарзанд тарбиялашган, вояга етказган. Биз ўзгалардан ўрганишимиз эмас, балки ўз миллийлигимизни сақлаб қолишимиз керак. Ана шундагина бу миллат, бу юрт ўзига хос ва мос тараққийпарвар мамлакат бўлади”.

 

Салоҳиддин ЭЛМУРОДОВ,

Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгаши депутати

        

   

Улашинг!